ДУНЁ

2023 йилга бориб дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ вазият ёмонлашади — БМТ

Украинадаги воқеалар туфайли 2023 йилга бориб дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ вазият ёмонлашиши кутилмоқда. Бундай прогнозни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) иқтисодчиси Максим Тореро Lа Stampa нашрига берган интервьюсида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг мавжудлиги муаммога айланган. “Маккажўхори ва дон нафақат нон ва ун тайёрлаш, балки чорва молларини боқиш учун ҳам зарур. Уларнинг нархи ошиши тайёр маҳсулот таннархида акс этади. Россия Федерацияси энг йирик ўғит экспортчиси ҳисобланади. Озиқ-овқат ишлаб чиқариш хавф остида, ушбу хавф 2023 йилда инқирознинг кучайишига олиб келади”, деди иқтисодчи.

Нефть нархи ошиши ва ўғитлар экспорти тўхтатилиши билан боғлиқ энг ёмон сценарийда яна 13,7 миллион киши тўйиб овқатланмаслик хавфи остида қолади. Унинг сўзларига кўра, Украинадаги можаро бошланишидан аввал дунёнинг 53 давлати заиф ҳолатда бўлган, ҳозир эса бу вазият янада ёмонлашиши мумкин.

Иқтисодчи, шунингдек, ҳозирги инқироз CОVID-19 пандемияси билан боғлиқ бўлган олдинги инқирозга қўшилганини таъкидлади. Агар тўйиб овқатланмаслик бартараф этилмаса, у билан боғлиқ муаммолар яна бир неча миллион кишига таъсир қилади. Бундан кўпроқ камбағал Африка давлатлари зарар кўради, деди у.

Европа озиқ-овқат ишлаб чиқариш муаммоларига дуч келади, дея қўшимча қилди Тереро. Литва, Молдова, Финляндия ва бошқа кўплаб давлатлар деярли 100 фоиз Россия ўғитлари таъминотига боғлиқ.

Аввалроқ, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Украинадаги можаро инсониятни глобал очарчилик билан таҳдид қилаётгани ҳақида огоҳлантирганди. Унинг сўзларига кўра, Россия махсус операциясининг оқибатлари ва Россияга қарши жорий этилган санкциялар бутун дунёда ўз сўзини айтмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan