Uncategorized

Андижон Ўзбекистондаги энг коррупциялашган вилоят экани маълум бўлди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар ойда коррупцияга оид ислоҳотлар натижадорлиги ва аҳолининг коррупцияга муросасизлигини баҳолашга қаратилган рейтинг баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Агентлик ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу рейтинг баҳолаш ишлари натижаларига кўра, Андижон вилоятида барча кўрсаткичларда салбий тенденция кузатилмоқда.

Қайд этилишича, коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш бўйича вилоят ўтган 3 ойда энг юқори ўринларни эгаллаб турибди. Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қиладиган ҳудудлар ичида Республикада 1-ўринни банд этмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда 22 нафар шахсга нисбатан 18 та жиноят иши судга юборилган. Улар ўзлаштириш, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳамда пора олиш каби жиноятларни содир қилган.

Мазкур жиноятларга қўл урганларнинг 4 нафари вилоят ҳокимлиги, 18 нафари туман ва шаҳар ҳокимликларининг ходимлари ҳисобланади. Йиғилишда бу каби рақамлар давлат раҳбари бошчилигидаги коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларга соя солиб, халқ ишончига путур етказаётгани қайд этилган.

Ушбу жиноятларнинг чиқиш сабаблари, ҳозир ва келгусида уларнинг олдини олиш учун кўриладиган чоралар тўғрисида эса вилоят прокурори, масъул ҳоким ўринбосари ахборот берди. Мулоқотлар давомида вилоят Коррупцияга қарши ҳудудий кенгаши ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажара олмаётгани ҳам танқид қилинган.

Таъкидланишича, 2021 йил якунлари бўйича Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг рейтинг баҳолаш натижаларига кўра, Андижон вилояти 9-ўринни эгаллагани ҳам шундан далолат бериб турибди.

«Бир ойдан сўнг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича ҳудудлар худди шундай баҳоланади ва барча натижалар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб, Миллий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинади. Лекин бу даврда ҳам вилоят ҳудудий Кенгаши томонидан ижобий натижа кўрсатиш учун арзирли амалий иш ёки ташаббусни кўрмаяпмиз.

Кенгаш аъзолари коррупцияга қарши курашиш борасида аъзо сифатидаги масъулиятни қанчалик ҳис қилмоқда, вилоятда, ўз тизимида коррупцияни камайтириш учун қай даражада ҳаракат қилмоқда – бу каби саволларни Кенгашнинг ҳар бир аъзоси ўзига қайта ва қайта бериши керак, деб ўйлайман», — деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари У.Тухташева.

Якунда иштирокчилар томонидан келгусида вилоятда коррупциянинг олдини олиш ишларини такомиллаштириш юзасидан мақсад ва вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, Кенгаш фаолияти самарадорлигини янада оширишда эътибор қаратилиши ва ҳал этилиши лозим бўлган жиҳатлар атрофлича муҳокама этилиб, Кенгаш аъзолари масъулиятини ошириш бўйича аниқ чоралар кўришга келишиб олинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan