Uncategorized

ЯРАШИЛГАНЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН МАЪМУРИЙ ЖАВОБГАРЛИКДАН ОЗОД ЭТИШ – ҚОНУНЧИЛИГИМИЗДАГИ ЯНГИ ИНСТИТУТ ҲИСОБЛАНАДИ

Ярашганлик муносабати билан жазодан озод қилиш амалиёти 2001 йилда жиноят кодексига 661-модда сифатида киритилган эди. Бу институт амалиётда ўзини оқлади ва бугунги кунда ҳам самарали фойдаланиб келинмоқда. Ярашганлик институти жорий қилиниши туфайли жуда кўп фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод қилинди ва озод қилинмоқда. Шу билан бирга билиб-билмай жиноят содир қилган фуқаролар қонунчиликдаги бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, қилмишидан пушаймон бўлиб, ўзаро ярашиб, тўғри хулоса чиқармоқда.

Суд статистикаси маълумотлари ҳамда ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, жиноят қонунчилигига ушбу институтнинг киритилиши жиноий ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита бўлди. Мазкур институт жабрланувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, республикада судланганлик ҳолатини камайтириш, жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг кенгроқ қўлланилишига имкон яратди.

Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилиш тури сифатида шахснинг айбдорлиги масаласини ҳал этмай туриб жиноят ишларини тугатиш учун асос бўлади. Синовдан ижобий ўтган мазкур амалиёт эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларга қўлланилмоқда.

2021 йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун маъқулланди.

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ-720-сонли қонун 2021 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди. Мазкур қонунга асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 212-модда билан тўлдирилди. Бу модда ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш деб номланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда қайд этилган жами 12 та модда ярашув институтига тушиши қайд этилди.

Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 40-моддасида (туҳмат), 41-моддасида (ҳақорат қилиш), 45-моддасида (фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш), 46-моддасида (фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш),
461– моддасида (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш), 52-моддасида (енгил тан жароҳати етказиш), 612– моддасида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) ва шунга ўхшаш маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс, агар у ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин. Илгари тарафлар ярашган, ўзаро келишган, зарарлар қопланиб, ўртада адоват қолмаган ҳолатларда ҳам суд маъмурий жазога тортишга мажбур эди.

Шерзод Юлдашев

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan