Uncategorized

“Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни судларда кўришнинг ўзига хос-хусусиятлари” мазмун-моҳияти

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Кредит шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 2006 йил 22 декабрдаги 13/150-сон қарорининг 1-бандида судларнинг эътибори кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули ҳисобланган кафиллик, гаров шартномадаги ва кафолатдаги тарафлар ҳамда учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (кейинги ўринларда — ФК), «Гаров тўғрисида»ги, «Гаров реестри тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишига қаратилиши, 4-бандининг учичнчи хатбошисида судлар кредит суммаларини муддатидан олдин ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талабнинг йўқлиги кредит суммаси ва фоизларни муддатидан олдин ундириш ҳақидаги талабларни қаноатлантиришни рад этиш учун асос ҳисобланмаслигини эътиборга олишлари лозимлиги, 6-бандида кредит маблағларини ундириш тўғрисидаги талаблардан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, гаров, кафиллик шартномалари ҳамда кафолат, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлардан ташқари, уларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида тегишли даъволар мавжуд бўлган тақдирдагина ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги келишувнинг ҳақиқий эмаслиги асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.

Асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслиги унинг бажарилишини таъминлайдиган мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

Ушбу Пленум қарорининг 10-бандида ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ФКнинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

14-бандида судлар гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан кредитни қайтариш ва фоизларни тўлаш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит ташкилоти ва гаровга қўювчи ўртасида мустақил гаров шартномаси шаклига эга ёки кредит шартномасига таркибий қисм бўлиб кириши мумкин бўлган ёзма гаров шартномаси мавжудлигини аниқлашлари керак. Охирги ҳолатда кредит шартномасининг таркибидаги гаров мажбурияти ФКнинг
271-моддаси ва «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасида белгиланган гаровнинг зарур ҳуқуқий шартларини ўз ичига олиши лозим.

21-бандида гаров мажбуриятларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда шуни ҳам ҳисобга олиш зарурки, қарздор томонидан гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) қонун ҳужжатларига мувофиқ гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қаноатлантириш олиш ҳуқуқига бошқа кредиторларга қараганда имтиёзга эга бўлади.

Гаров нарсаси бўлган мулкни гаровга олувчининг эгалигига топшириш имкониятини кўзда тутувчи ҳар қандай келишувлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятнинг воз кечиш ҳақи ёки янгиланиши сифатида малакаланиши мумкин бўлган келишувлар бундан мустасно (ФКнинг 342, 347-моддалари).

22-бандида судларга тушунтирилсинки, қонун ҳужжатларига мувофиқ гаровга олувчининг талабини гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк ҳисобидан судга мурожаат қилмасдан қондиришга, агар бу гаров тўғрисидаги шартномада назарда тутилган бўлса ёхуд ундирувни гаров нарсасига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан тузилган, нотариал тартибда тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади. Мазкур келишув туфайли ҳуқуқлари бузилган шахснинг даъвосига кўра бундай келишув суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги, 23-бандида ундирувни гаров нарсасига суд тартибида қаратишда суднинг қарорида гаровдаги мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи кўрсатилиши лозим, судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, гаровга қўйилган мол-мулкнинг ким ошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳоси суд қарори билан белгиланмайди.

Шунга кўра, агар даъво аризасида гаровга қўйилган мол-мулкнинг ким ошди савдоси бошланадиган вақтдаги бошланғич сотиш баҳосини белгилаш ҳақида талаб мавжуд бўлса, суд ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ушбу мол-мулк гаров (ипотека) тўғрисидаги шартномада кўрсатилган нарх бўйича реализация қилиниши тўғрисида тушунтириш бериши лозим.

Жамшид Хомидов

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan