ДУНЁ

Афғонистоннинг электр энергияси учун Ўзбекистон ва Тожикистондан 100 миллион доллардан ортиқ қарзи бор

Афғонистон томони қарзларни тўлашда Ўзбекистондаги банклардаги маблағларни ўтказиш билан боғлиқ муаммолар юзага келганини даъво қилмоқда.

Афғонистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги ўз мамлакатининг Ўзбекистон ва Тожикистондан импорт қилинадиган электр энергияси учун 100 миллион доллардан ортиқ қарзи борлигини маълум қилди. Бу ҳақда Афғонистоннинг Tolo news нашри хабар бермоқда.

Шу билан бирга, вазирлик вакили Ахтар Муҳаммад Нусрат қарзни тўлашга тайёр эканликларини, бироқ Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон банклари айни дамда пул ўтказишда қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидлади.

«Ўзбекистонда маблағ ўтказиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд», – деди Ахтар Муҳаммад Нусрат.

Айни пайтда Афғонистоннинг DABS энергетика компаниясининг собиқ раҳбари Омонулла Ғолибнинг айтишича, Афғонистон Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистонга электр энергиясини сотиб олиш учун йилига 300 миллион долларга яқин пул тўлайди.

«Афғонистон электр энергиясининг катта қисмини Ўзбекистондан сотиб олади. Бу йилига 108 миллион долларга яқин. Энди муаммо ҳисоб-китобларни тўлашда», – деди у. Шунингдек, у Украинадаги вазият қўшни давлатлар учун банк жараёнини мураккаблаштирганини қўшимча қилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan