ЎЗБЕКИСТОН

Сурхондарёнинг олис ҳудудларига ҳам суюлтирилган газ етказиб берилмоқда

“Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиалининг “Олис манзиллар” лойиҳасининг бу галги манзили “Шифо булоқ” маҳалласи бўлди. Ушбу маҳаллада 370 дан ортиқ газ истеъмолчилари яшайди. Ҳар 35-40 кун оралиғида суюлтирилган газ баллонлар ортилган авто уловлар М-39 халқаро автомобиль йўли орқали Қашқадарё вилояти билан чегарадош маҳаллаларга газ баллонлар тарқатади.

Олам кенг, манзиллар кўп, одамлар турфа. Юрт кезиб, эл таниб, фикр қилиб яшашнинг завқи ўзгача. Манзил-у маконлар ичра шундайлари борки, у ерда бир кунгина яшасангиз бас, одамларининг самимияти ва шукронаси сизга ҳам юқади: ичингизда аллақандай позитив, енгиллик уйғонганини сезасиз.

Бойсун туманининг Қашқадарё вилояти билан чегарадош бўлган “Шифо булоқ” маҳалласига суюлтирилган газ баллонларини етказилиши ва бу жараёнларда истеъмолчилар фикрлари билан ўртоқлашдик. Ҳа айтганча, ушбу маҳалла вилоят марказидан 200 км узоқликда жойлашган бўлиб, бориш учун аввал Термиз шаҳри, Термиз, Ангор, Шеробод ва Бойсун туманларидан ўтиб борилар экан.

Туманда  шундай маҳаллалар борки, бу жойларга автотранспортлар юриши жуда мушкул бўлганлиги учун ҳам  “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан газ истеъмолчиларига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида махсус аравалар ташкил этилган. Ушбу маҳаллаларга махсус аравалар орқали газ баллонлар етказиб берилиши йўлга қўйилган.

Эътироф этиш жоиз, йилдан-йилга аҳолига яратилаётган шароитлар кўлами кенгаймоқда. Соҳадаги ўзгаришлар шиддат билан ошмоқда. Масалан, авваллари истеъмолчи хонадонларига газ баллонларини олиб борадиган махсус аравалар йўқ эди. Бугун бундай улов турининг ташкил қилиниши фуқароларимиз билан бирга соҳа ходимлари учун ҳам қулай. Шундай ҳудудлар борки, бу жойларга маиший газ балонни араваларда олиб бориш ҳам имконсиз. Бундай вақтда соҳа ходимлари баллонларни қўлларида кўтариб олиб кириб, ўрнатиб беришади.

“Шифо булоқ” маҳалласи Бойсун  туманининг тоғли ҳудудларида жойлашган. Маҳалланинг тўрт томони тоғлар ва адирликлар билан туташиб кетган қишлоқ бежиз «Шифо булоқ», деб номланмаган. Кўрсатувни тасвирга олиш давомида йўл-йўлакай қишлоқ фуқаролари билан суҳбат жараёнларида ўзлари айтиб қолишди. Қишлоқнинг бошланишида булоқ бор экан, суви тери касалликларига даво экан. 70 ёшга кирган Бобомуродова Бибисора момо билан ишлаётган аёллар ва қишлоқ ҳаётида инсонлар оқибатини кўрган момо билан суҳбатда бўлдик.

Бибисора момо бу қишлоққа туман марказидан келин бўлиб тушган. Келинлигининг илк кунларида қишлоқдаги кўп ҳолат унга ўзгача бўлиб кўринган. Хонадонлар ўртасида девор йўқлиги, аёлларнинг меҳнаткашлиги, қўни-қўшнининг бир-бирига оқибати уни ҳайратда қолдирган. Ҳозир эса у ўзини шу қишлоқнинг бир бўлаги, деб ҳисоблайди. Эрта тонгда сигир соғишдан бошланган кун, хамир қориш, нон ёпиш, яқинларига таом тайёрлаш ва хонадондаги кўплаб ишлар билан охирлаганини ҳам билмай қолади.

– Бундан беш-олти йил илгари аёл киши бўлсамда, эшакларга  миниб тоғларга чиқиб, сойларга тушиб ўтин терардим. Катта-катта янтоқлар чопиб, қўлларим қавариб кетарди. Бази вақтлар қўлларим жароҳат олиб уйга қайтганда фарзандларимга овқат тайёрлашга эринар эдим. Тўғриси, суюлтирилган газ қишоғимизга келади, деб умуман ўйламган эдим. Хаёлимизга ҳам келмаган эди. Муҳтарам юртбошимизга минг раҳмат газ келди, ҳаётимиз умуман ўзгарди. Тоғдан тушиб чарчаб келаман, иссиқ чойим, овқатим тайёр. Газ дегани жоннинг роҳати экан, – дейди касби ўқитувчи бўлган Гулҳол Исмоилова.

– Бир сўз билан айтганда, халқимизга бундай енгилликлар, кун ора бунёдкорлик ва яратувчилик салоҳияти кўзгуси бўлган хайрли ишлар туфайли маҳалла ва қишлоқларимиз кундан-кун чирой очиб, обод бўлмоқда. Маҳаллаларга, хонадонларга тоза ичимлик суви етиб келишини айтмайсизми. Қишлоқ кўчалари равон, манзиллар обод, кўнгиллар мунаввар бўлмоқда. Одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, шаҳарлардагидек қулайлик ва имкониятларга эга бўлган замонавий масканларда яшаётганидан шодонлик ҳисси замирида бир ҳақиқат: қишлоқларни обод қилиш йўлидаги ислоҳотлар ётибди, десак  муболағага  йўйманг, – дейди Абутолиб Шералиев.

– Бизни хурсанд қиладиган томони “Бойсунтумангаз” газ таъминоти ходимлари умрларидан барака топишсин, газ баллонларимиз ойма-ой келади. Туман марказидан анча чақирим узоқда бўлсак ҳам вақтида етказишади. Тоғликларга қилинаётган ғамхўрлик ва эътибор барчага манзур. Тўғриси, биз газчилардан розимиз, – дейди Эшназар Сафаров.

Ошхонада газни бўлиши жуда муҳим. Бази вақтлари ўчоқда қилишнинг имконяти бўлмайди. Газ баллонлар ўз вақтида етиб келяпти яний ойма-ой. Нархлари ҳам қиммат эмас. Мингдан минг розимиз газчилардан. Олдинлари ўчоқларда қилар эдик. Газ келди қишлоқ айёларининг оғири енгил бўлди. Суюлтирилган газ баллонларни ўзлари хонадонимизга олиб кириб ўрнатиб беришади. Тўғриси ҳавфсизлигимизга жуда эътиборли газ ходимлари, -дийди Хадича Бойматова.

Газ таъминоти ходимлари қишлоқ аҳлининг оғирини енгил, мушкулини осон қилишдек хайрли ишни амалга оширганларидан мамнун бўлиб, яна Бойсунга отланади. Бундай эзгу ишлар мамлакатимизнинг олис ва яқин ҳудудларида инсон қадри бирдек улуғланаётгани ва халқимиз манфаатлари таъминланаётганига яққол далилдир.

Азиз Машрабов, “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали Матбуот котиби

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan