ЖАМИЯТ

«Бойсун баҳори» да жамланган «хазина»лар

Барчангиз гувоҳи бўлганингиздек, сўнгги йилларда мамлакатимиз кўплаб йирик халқаро анжуманлар, форумлар, илмий конференциялар ва санъат байрамларига мезбонлик қилмоқда.

Бу юртимиз меҳмонларига бой тарихимиз, илмий-маърифий, моддий ва номоддий маданий меросимиз, бетакрор маданият ва санъатимизни намоён этиш баробарида Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган жадал ислоҳотларнинг натижалари билан яқиндан танишиш имконини яратмоқда.

Сурхон заминида ўтказилаётган «Бойсун баҳори» Халқаро фестивали ҳам халқимизнинг ўзига хос фольклор санъати, хусусан, халқ достонлари, ҳунармандчилиги, миллий либослари ва халқ ўйинлари, қадриятлари, урф-одат ва анъаналарини ўзида акс эттирмоқда.
Унда дунёнинг турли давлатларидан 200 дан ортиқ санъат ва маданият арбоблари, халқ ижодиёти намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимларининг борлиги кишига катта шижоат бағишлайди.

Бу бебаҳо маданият дурдоналари инсониятни эзгулик, яратувчанлик, тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик ғоялари, олийжаноб мақсад-муддаолар, улуғвор ниятлар атрофида жипслаштиради.

Бугун жадал суратларда глобаллашаётган бир даврда азалий қадриятлар тараннуми сифатида майдонга чиқаётган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали оғзаки шеърий ижодиёт, халқ достонлари, ҳунармандчилик, миллий либослар ва халқ ўйинлари, қадимий урф-одатларни тарғиб этиши билан аҳамиятлидир.

ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси XVI сессияси (2021 йил, Париж шаҳри) доирасида Бахшичилик санъати Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси элементи сифатида Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилгани ҳам алоҳида диққатга сазовордир.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди ўз фольклори – либоси, айтимлари, ёр-ёр, ўланларига эга. Бугун ана шу асрий қадриятларнинг уйғонишига яна бир бор гувоҳ бўламиз.

Фестивал давомида халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, уларнинг сеҳрию жозибаси билан яқиндан танишишингиз мумкин.
Шунингдек, халқ амалий санъатининг ҳудудимизга хос “оқ эн”, “тўдагул”, “қўчқоршоҳ”, “ғажари” сингари гиламларни, кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги санъатини, чанқовуз, дўмбира каби мусиқа асбобларини алоҳида эътироф этиш лозим.

Изланувчан халқимизнинг саъй-ҳаракати билан қайта тикланган нафис буюмлар фестивал доирасида ташкил этилган кўргазмага зеб бераётир.
Бир сўз билан айтганда, айни пайтда, Бойсун халқаро маданиятлар, урф-одат, анъанаю қадриятлар тўқнашган маконга айланган. Унда жамланган ноёб дурдона асарлар, бетакрор ижро ва қадриятлар акс этган ҳунармандчилик намуналарини чинакам хазина дейиш мумкин.

Озодбек Назарбеков
Маданият вазири

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan