Россия Президенти Владимир Путин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг «Гитлер яҳудий экани” ҳақидаги сўзлари сабабли, Исроил бош вазири Нафтали Беннетдан узр сўради.
Исроил президенти матбуот хизмати хабар беришича, кеча, 5 май куни Россия Президенти Владимир Путин Исроил Бош вазири Нафтали Беннет билан телефон орқали мулоқот қилган. Суҳбат давомида Путин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг яҳудийлар ҳақидаги сўзлари учун узр сўради.
“Путин ва Беннет Россия Ташқи ишлар вазири Лавровнинг сўзларини ҳам муҳокама қилди. Нафтали Беннет Лавровнинг сўзлари учун Президент Путиннинг узрини қабул қилди ва Президентнинг яҳудий халқи ҳамда Холокост хотирасига муносабатини ойдинлаштиргани учун миннатдорлик билдирди”, дейилади хабарда.
Кремл баёнотида қайд этилишича, мулоқот давомида етакчилар 9 май санасининг Россия ва Исроил халқлари учун алоҳида аҳамиятини қайд этишган.
Шунингдек, Владимир Путин Нафтали Беннет ва Исроил халқини 9 май Мустақиллик куни муносабати билан табриклаган. У қолаверса, Исроилда яшаётган фахрийларга соғлиқ ва фаровонлик тилакларини етказишни сўраган.
Беннет эса “Қизил Армиянинг нацизм устидан қозонилган ғалабадаги ҳал қилувчи ҳиссасини эътироф этган.
“Россия президенти Владимир Путин уруш даврида асир лагерларида фашистлар томонидан қийноққа солинган ва қатл этилган 6 млн яҳудийнинг 40 фоизи Совет Иттифоқи фуқароси бўлганини эслатди. Қолаверса, Исроилда яшаган уруш қатнашчиларига соғлик-саломатлик ва омонлик тилади”, дейилади Кремл баёнотида.
Эслатиш жоизки, Путиннинг узр сўрашига сабаб бўлган сўзлар Лавровнинг Италиядаги Медиасет телеканалига берган интервюсида айтилганди.
Унда Зеленский яҳудий бўлгани ҳолда Украинани қандай қилиб нацизмда айблаш мумкинлиги тўғрисидаги саволга жавобан Лавров Адолф Гитлерда ҳам “яҳудий қони” бўлгани ва “энг ашаддий антисемитлар яҳудийлар эканини айтганди.
Россиялик вазирнинг баёноти норозилик тўлқинини келтириб чиқарди. Бунга бутун дунёдаги яҳудий ташкилотлари ва Исроил ҳукумати вакиллари қаттиқ эътироз билдира бошлади. Ушбу иш юзасидан Россия элчиси Исроил ТИВга чақиртирилган.