ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Фарғонада талаба йигит ва қиз биргаликда ўз жонига қасд қилди

Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети (KIUF)нинг икки талабаси биргаликда ўзини осиб, жонига қасд қилди. Бу ҳақда бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Дарё»га маълум қилди.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига 2021 йил 30 декабрь куни келиб тушган мурожаатга кўра, Ҳ.Д. исмли қиз (2003 йилда туғилган) ва И.С. исмли йигит (2002 йилда туғилган) шаҳарнинг «Афросиёб» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Фар Барчиной тилаги» фермер хўжалиги дала ер майдонининг 21-контуридаги тут дарахтига арқондан сиртмоқ ясаб, ўзини осиб, жонига қасд қилган.

Ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида олинган озиқ-овқат маҳсулоти (товуқ гўшти) истеъмол учун яроқли ёки яроқсиз экани, таркибида бирор-бир бактерия мавжуд ёки мавжуд эмаслигини текшириш учун вилоят СЭО ва ЖСБга юборилган.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош суицидологининг таҳлил хулосасида етарли маълумотлар йўқлиги учун ноаниқ сабабли содир этилган кластер (кенгайтирилган) кўринишдаги чин суицид деган хулосага келинган.

Психологик-психиатрик экспертиза хулосасида С.И. ва Д.Ҳ. сўнгги кунларда эмоционал ҳолатда бўлгани келтирилган. Уларнинг ота-оналари ва яқин инсонлари билан ўрталаридаги муносабат, ижтимоий-психологик инқироз суицидга олиб келган аутоагрессив ҳаракатни келтириб чиқарган.

Терговга қадар текширув давомида марҳумларнинг курсдошларидан тушунтириш хатлари олинган. Шунингдек, уларнинг воқеа содир этилгунга қадар бўлган ҳаракатини аниқлаш мақсадида жамоат жойларидаги видеокузатув камералар кўздан кечирилган. Аммо Д.Х. ва С.И. тасвирга тушган кадрлар аниқланмаган.

Текширув якунларига кўра, марҳумларнинг вафот этгани бўйича жиноят аломатлари аниқланмаган. Шунга кўра жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan