Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бошланди. Унда Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Сессия кун тартибига ташкилий масала қўйилди. Давлат раҳбари Қашқадарё вилоят ҳокими лавозимига Азимов Муроджон Бердиалиевич номзодини кўрсатди.
Шавкат Мирзиёев:
Қашқадарёга янги ҳоким тайинлашимиз керак. Бу элнинг феълини билган одамнинг номзодини айтмоқчиман. Мен уни кеча эмас, 15 йилдан бери биламан. Божхона тизимида тажриба тўплаган, менинг ишончимни оқлади. Албатта оғир бўлди, аммо тоза ишлади, cиндирди коррупцияни. Ўзимга ўзим савол бераман. У ёки бу соҳага, ҳудудга раҳбарни тўғри танладимми? Баъзан ишонч билан, баъзан иложсизликдан кадр қўямиз. Чунки яхши кадр топиш жуда қийин. Биласизларми, битта мактабга фидойи директор келса, муҳитни қанча яхши томонга ўзгартиради.
Бу номзодни фақат президент айтган бўлиб қолмаслиги учун 6 ой вилоятга жўнатиб, cизлар олдингизда синовдан ўтказдим. Барча депутатлар ва вилоят фаолларига айтмоқчиман, cизлар бефарқ бўлмасангиз, cизлар бирдамлик билан ишласангиз, вилоятда ҳаёт ўзгаради. Бугунги қўядиган ҳокимимиз Қашқадарё вилоятининг тақдирини ўзгартириши керак.
Авваллари Наманганга борганда тадбиркорлик йўқ эди, ривожланиш йўқ эди. Бош вазир пайтимда вилоятга борсам, «бу кўчага кириб бўлмайди, вазияти бошқача» дейишарди. Мана яхши номзод қўйдик, Наманган халқининг ишончини қозонди, ҳозир бу вилоят олдинги ўринларда. Нега Қашқадарёда шундай бўлмаслиги керак?
Бу вилоят бошқа ҳудудлардан орқада. Бу ерда эрталаб ярим соат вақтлироқ иш бошлаб, камида 2 соат кўпроқ ишлаш керак. Бу ерда ҳоким бўлган одам қаттиққўллик билан иш олиб бориши зарур.
Давлат раҳбари депутатларда агар бошқа номзодлар бўлса, уни ҳам кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Сессияда фаоллар ва депутатлар номзодни қўллаб-қувватлашди.