ЎЗБЕКИСТОН

Тошкентда анимацион фильмлар форуми ўтказилади

18-22 апрель кунлари Тошкентда Tashkent International Animation Forum (TIAF-22) бўлиб ўтади. Анимацион форум Кинематография агентлиги ташаббуси билан Швейцария ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, Тошкентдаги Гёте институти, Базелевс кинокомпанияси, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Миллий кинофонди ҳамда «DRF» community independent filmmakers of Uzbekistan” киностудияси ҳамкорлигида ташкил этилади. Форумда Германия, Грузия, Исроил, Озарбайжон, Тожикистон, Россия, Украина ва Чехия давлатларидан анимация мутахассислари, шу билан бир қаторда ўзбек аниматорлари ва “Ақлвой”, “Болажон” телеканалларидан вакиллар  иштирок этади.

Форум доирасида моҳир аниматорлар томонидан тақдимотлар, маҳорат дарслари, мастер-класлар, ижодий учрашувлар ва шу каби қатор тадбирлар ўтказилади. Жумладан, 10 га яқин давлатдан ташриф буюрган анимация соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар томонидан семинар-тренинглар бўлиб ўтади.

Форумнинг эътиборли жиҳати, унда чет элдан эталон негативлари қайтарилган ўзбек мультфильмлари илк бор кенг жамоатчиликка намойиш этилади. Шунингдек, «Ёшлик» студиясининг «Зумраша» ҳажвий журнали янги сони тақдимоти ҳамда хориж аниматорлари томонидан яратилган энг яхши мультфильмлар кичик томошабинлар эътиборига тақдим қилинади. Ушбу форум доирасида вилоятлар бўйлаб ҳам тадбирлар ташкил этилади. Болажонлар учун турли хил мавзуларда мультфильмлар намойиш этилиши билан бирга, мастер-класслар ўтказилади.

Бундан ташқари, болаларга педагоглар ва профессионал аниматорлар билан мулоқот қилиш ва тажриба алмашиш имконияти тақдим қилинади. Улар учун Ўзбекистон анимация студиялари ассоциацияси, “White Line”, “Astir animation studio”, “Futurist studio”, “Dip animation studio” ҳамда хориж анимация студияларининг ишлари намойиш этилади. Яна шунингдек, форум доирасида ўсмирлар учун ёш ижодкорлар томонидан яратилган фильмлар тақдимоти ўтказилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan