ЖАМИЯТ

Қумқўрғон туманида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди

Тадбиркорлик субектларини солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, автоматлаштирилган ахборот тизимларидан фойдаланиш тартибини ўргатиш, бир сўз билан айтганда уларни солиқ солиш тартибига оид барча янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида ўтказилаётган учрашувларнинг галдагиси Қумқўрғон туманида бўлиб ўтди.

Унда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари С.Эшматов, туман ҳокими Р.Гаппаров, хорижий инвесторлар, Бизнес-омбудсман Сурхондарё вилояти ходимлари ҳамда вилоятимизнинг Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи ва Бандихон туманларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субектлари иштирок этишди.

Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи. Биз сизлар билан солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш, муаммоларингизни тинглаш ва уларга ечим топиш мақсадида учрашиб турибмиз, – деди Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Сирожиддин Эшматов. Солиқ соҳасига оид янги дастурлар, интерактив хизматлар, тизимни рақамлаштириш борасидаги барча саъй-ҳаракатлар солиқ тўловчиларга енгиллик яратиш мақсадида амалга оширилмоқда. Пировард мақсад эса иқтисодиётга солиқ юкини камайтиришдир.

Таъкидланганидек, солиқ юкини камайтириш борасидаги изчил ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан солиқлар сони 13 тадан 9 тага камайтирилиб, мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 1,5 фоизга, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки қарийб 2 баравар камайтирилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар эса ҳалол ишлайдиган тадбиркорлар сафини кенгайтириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Биргина мисол, жорий йилнинг январ-феврал ойларида солиқ қонунчилиги юзасидан солиқ тўловчилар ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида Сурхондарё вилоятида 4289 нафар норасмий ишлаётган фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилди. Натижада фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланиб, давлат бюджетига ҳам қўшимча 782 миллион сўм маблағ йўналтириладиган бўлди. Энг муҳими, солиқ тўловчилар билан бевосита мулоқотлар уларнинг солиқ соҳасига оид билимларини ошириш, қонуний фаолиятларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Сурхондарё вилояти ДСБ Матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan