МАДАНИЯТ

Партиянинг фахрий аъзолари учун саёҳат уюштирилди

Жорий йил ватанимизда “Ассалом, Наврўз-янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида нишонланаётган байрам арафасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан ҳам эзгу ташаббус кўрсатилди.

Ҳудудда истиқомат қилаётган партиянинг бир гуруҳ фахрий аъзолари, депутатлар ва фаолларнинг Шеробод туманидаги зиёратгоҳлар ва туризм объектларига саёҳати ташкил этилди. Дастлаб, фахрийлар туманнинг “Чағатой” маҳалласида жойлашган “Ҳазрати Ахтам” зиёратгоҳида бўлишди. Шундан сўнг, тадбир қатнашчилари мазкур маҳалладаги “Сулаймонота” зиёратгоҳида ҳам зиёрат амалларини адо этдилар.

Саёҳат тадбири давомида нуронийлар Марказий Осиё, хусусан воҳамиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири – машҳур муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг руҳи мангу қўним топган муқаддас қадамжода ҳам бўлиб, у кишининг ҳақига қуръон тиловат қилишди.

Шунингдек, кексалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда бунёд этилган масжидни кўриб, кутубхона фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. 

Зиёратгоҳ масъуллари томонидан меҳмонларга буюк ватандошимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар берилди.

Якунда дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Суҳбат давомида кексалар  мамлакатимизда  миллий урф-одатлар, азалий қадриятларимизни асраш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритиб, юртимиз тинчлигини тилаб дуога қўл очдилар. Ёши улуғларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан миннатдорликларини изҳор этишди.   Тадбир қатнашчиларига партиянинг вилоят Кенгаши томонидан эсдалик совғалари ҳам топширилди.

Бу йўналишдаги хайрли ташаббуслар йил давомида амалга оширилиши белгилаб олинган.

Улуғбек Хўжақулов, журналист

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan