ЎЗБЕКИСТОН

Фақат компьютерга интернетни улаб қўйиш билан иш битмайди. Ахборотни англаш, тушуниш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш, мунтазам янгилаб бориш зарур — Сенат раиси Танзила Нарбаева

Сенат Раиси Танзила Нарбаева 24-ялпи мажлисида Давлат раҳбарининг 18 март куни соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида билдирган фикрлари юзасидан қуйидагиларни таъкидлади:

«— Президентимиз соҳани Конституция даражасида ислоҳ қилиш заруратини таъкидладилар. Соҳага оид қонунчиликни тизимлаштириш, Соғлиқни сақлаш кодексини қабул қилиш лозимлигига ҳам урғу бердилар.

Бизнинг соғлиқни сақлаш масалалари билан шуғилланувчи қўмитамиз мазкур устувор вазифаларга алоҳида эътибор ва масъулият билан ёндашиши зарур. Таклиф ва ташаббусларни илгари суриш, парламент имкониятларидан кенг фойдаланиш лозим.

Аввало давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш нима учун айнан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига ишониб топширилганига эътибор қаратиш керак.

Жавоби оддий, очиқлик муҳитида коррупция “нафас” ололмайди.

Муаммо, камчилик жуда кўп.

Кўпчилик давлат ташкилотлари, айниқса, юқорида номлари келтирилган ташкилотларда очиқликнинг амалий аҳамияти ва зарурати ҳали чуқур англаб етилмаган.

Белгиланган вазифалар ижросига юзаки қараш, ўз ҳолига ташлаб қўйилган ҳолатлар кўп.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор: давлат ташкилотларида, айниқса ҳудудий тузилмаларда (жумладан, ҳокимлик, маҳаллий Кенгашларда) очиқликни таъминлаш инфратузилмаси тўлиқ шаклланганми, кадрлар салоҳияти етарлими, кимлар бунга масъул этиб белгиланган, аниқ малака талаблари, услубий ёндашувлар борми?

Фақат компьютерга интернетни улаб қўйиш билан иш битмайди. Ахборотни англаш, тушуниш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш, мунтазам янгилаб бориш зарур. Бунинг учун малака керак. Малака бўлмаган жойда масъулият ҳам бўлмайди.

Масала доимий назоратимизда бўлади. Бугунгидек эшитувлар бундан кейин ҳам давом эттирилади.

Қарор лойиҳасида тегишли вазифалар акс эттирилган.

Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари мамлакатимиз ва умуман минтақамиз учун доимо долзарб бўлиб келган.

Бугунги кунда масала тобора глобаллашиб бораётгани ҳам  сир эмас.

Охирги йилларда Давлатимиз Раҳбари бошчилигида ушбу соҳаларда жуда катта ислоҳолар амалга оширилди.

10 йиллик концепция ва стратегиялар қабул қилинди.

Яқинда қўмита ихтисослигини янада мақбуллаштирдик (экология чиқиб кетди). Мақсад қўмита эътиборини кўпроқ аграр ва сув хўжалиги масалаларига қаратиш, бу борада парламент назоратини кучайтириш.

Шунга яраша салоҳиятли таркиб шаклланган. Бироқ, ушбу салоҳиятдан ҳали етарлича фойдаланилмаяпти.

Соҳада муаммолар етарлича. Ўзингиз ҳам айтиб ўтдингиз. Тупроқ унумдорлигини ошириш, шўрланишнинг олдини олиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳ.к.

Кеча органик маҳсулотларга оид қонунни маъқулладик. Лекин бу дегани энди масала ўз ўзидан ҳал бўлади дегани эмас.  Илмий-услубий, ташкилий-ҳуқуқий пойдеворни мустаҳкамлаш, зарур инфратузилмани шакллантириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш, илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш керак.

Қўмита ушбу йўналишларда парламент имкониятларини сафарбар қилиши, таклиф ва ташаббусларни илгари суриши лозим.

Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш талаб этилади. Сенатда ва ҳудудларда аҳолди мурожаатларини тегишли соҳалар мутасаддиларини жалб қилган ҳолда тезкор кўриб чиқиш ва қонуний ҳал этиб бориш амалиётини йўлга қўйиш зарур.

Маҳаллий Кенгашлар, хусусан тегишли доимий комиссиялар билан ҳамкорликда жойларда ўрганишлар олиб бориш, биргаликда сўровлар, эшитувлар, мониторинг ишларини ташкил қилиш яхши самара беради.

Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш мақсадга мувофиқ».

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan