ЎЗБЕКИСТОН

Мактабларда халқаро баҳолаш дастурига тайёргарлик бошланди

Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази томонидан Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда 2022 йил 16 мартдан 1 апрелга қадар TIMSS (Математика ва табиий фанлар бўйича тенденцияларни халқаро баҳолаш) дастурининг тажриба-синов жараёнлари ўтказилмоқда.

Маълумот ўрнида, TIMSS – бу, таълим тизимидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) томонидан амалга ошириладиган, таълим тизимларида 4- ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий фанлар бўйича эришган ютуқларини баҳолашга йўналтирилган дастур саналади. Қолаверса, мазкур платформа ўқитиш ҳамда таълим олишни яхшилашга кўмаклашиш учун миллий таълим тизимидаги фарқларни ўлчаш ҳамда тавсифлашга асосланган.

Ўзбекистон илк маротаба иштирок этаётган мазкур халқаро тадқиқот дунёнинг 60 га яқин давлатида ўтказилиши режалаштирилган. Тадқиқотда қатнашиш орқали таълим сифати, ўқувчиларнинг мактабда олган билимларини ҳаётда қўллай олиш, мантиқий ва ижодий фикрлаш кўникмаларини баҳолашга эришилади. Шу билан бирга, мамлакатдаги жорий этилган ўқув дастурлари ва ўқитиш усуллари, ўқувчиларнинг билими ва саводхонлигини хорижий мамлакатдаги тенгдошлари билан солиштириш орқали, стратегик ва далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш имконияти ортади.

Ушбу тадқиқотнинг тажриба-синов жараёнида иштирок этадиган жами 29 та мактаб халқаро ҳамкор ташкилотлар томонидан тасодифийлик тамойили асосида танлаб олинган, унга кўра, барча ҳудудлардан камида иккитадан мактаб, шунингдек, хар бир мактабда иккитадан синф ўқувчилари иштирок этиши назарда тутилган.

TIMSS дастури ўқувчиларга таълим олиш имконияти ва ўқувчилар яратилган шарт-шароитлардан қандай фойдаланиши тўғрисидаги омилларни ўрганади. 

Тадқиқот ҳар бир мамлакат ўқув дастурида белгилаб қўйилганидек ўқувчиларнинг математика ва табиий фанлардан таълим олиши кераклиги, ундаги жараённи осонлаштириш учун тизимини қандай ташкил этиш зарурлиги, аслида синфхоналарда нима ўқитилаётгани ва ўқувчилар нимани ўргангани ҳақида маълумотларни таҳлил қилади.

 – TIMSS халқаро тадқиқотлар дастури ўқувчиларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш орқали Ўзбекистон таълим тизимини дунё мамлакатлари билан қиёсий таҳлил қилиш, бўшлиқларни аниқлаш имконини беради, – деди Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори Абдували Исмаилов. – Шунингдек, юртимиз ушбу халқаро тадқиқотда биринчи марта қатнашаётганини инобатга олсак, таълим тизимининг халқаро ҳамжамият олдидаги ўрнини аниқлаш, кейинчалик эса ўзгаришларни кузатиб бориш мумкин бўлади. 

 Қайд этилишича, мазкур тадқиқотларнинг онлайн модель асосида ташкил этилаётгани, ижтимоий ва иқтисодий соҳалар қаторида таълим тизимидаги жараёнларни ҳам рақамлаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиради.

Дастурнинг баҳолаш рамкалари иккита ўлчов асосида амалга оширилади. Булар – баҳоланадиган мавзуни кўрсатадиган мазмун соҳаси ва ўқувчилар фикрлаш жараёнини белгилайдиган когнитив соҳа. 

Математика мазмун соҳалари:

– 4-синф: сонлар, ўлчашлар ва геометрия, маълумотлар билан ишлаш;

 – 8-синф: сонлар, алгебра, геометрия, маълумотлар билан ишлаш, статистика ва эҳтимоллик.

Табиий фанларнинг мазмун соҳалари:

– 4-синф: ҳаёт ҳақидаги фан, физика, Ер ҳақидаги фан;

– 8-синф: биология, кимё, физика, Ер ҳақидаги фан.

Математика ва табиий фанларнинг когнитив соҳалари:

 – 4- ва 8-синфлар: билиш, қўллаш ва мулоҳаза юритишни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, тадқиқотда ўқувчилар, уларнинг ота-онаси, ўқитувчи ва мактаб директорларидан фаолият ҳамда математика ва табиий фанларни ўрганишдаги шарт-шароитлар ҳақида сўровнома тўлдириш сўралади.

Республика бўйлаб ўтказилаётган тажриба-синовдан кўзланган мақсад – тест ва сўровнома материаллари, жараённи ташкил этишга оид қўлланма ва йўриқнома, жараён учун зарурий қурилмалар ҳамда масъулларнинг тайёргарлигини синаб кўриш. TIMSS тадқиқотининг асосий синов жараёнлари 2023 йилда ўтказилиши режалаштирилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan