МАДАНИЯТ Ҳарбий тадбирлар

ОЛТИНСОЙДА ХАЛҚ СОҒИНГАН БАЙРАМ

Наврўз қайси ном билан аталмасин, у миллатнинг улуғ куни, янгиланиш, покланиш, яшариш, юксалиш байрами. Фольклор-этнографик жамоаларнинг ранг-баранг ашула ва рақслари, шўх яллаларда, полвону чавандозлар чиқишида Наврўзнинг хилма-хил ва ноёб қирралари намойиш этилади.

Афсуски, донишманд халқимиз ҳар доим ҳам бу байрамни кенг миқёсда нишонлаш бахтига муяссар бўлмаган. Айниқса, Наврўзга жозиба берувчи бахшилар собиқ шўролар даври мафкураси остида кўп тазйиқларни бошидан кечирди. Ҳатто катта-кичик давраларда бахшиларни «бақироқ чол» сифатида талқин қилувчилар ҳам бўлди.

Алпомиш юрти Сурхондарёда Наврўз тантаналари ўзгача нишонланишини кўпчилик билади. Олтинсой туманидаги Қорлиқ маҳалласи адирлигида ўтган Наврўз сайли юзлаб юртдошларимизнинг ушбу байрамга бўлган юксак эҳтироми, соғинчини ифодалаб берди.

Тўрт томони тоғларга туташиб кетувчи қирлар бағрида ўтовлар тикилди. Халқ ўйинлари, бахшилар айтишуви, варрак учириш, миллий кураш, хуллас ўзбекнинг ўзлигини намоён этувчи маданият намуналари… Қай бир кекса момо билан юзлашманг Наврўз хусусида ўзгача ривоятлар, афсоналар айтиб беради. Гап орасида чанқовузини олиб, эски халқ оҳангларни руҳиятингизга олиб киради.

Ушбу сайл ҳар йили ўзига хос тарзда ўтса-да, бу йилгиси доимгилардан ажралиб турди. Гоҳ қир юзини майин ёмғир силаб ўтади, гоҳ қуёш булутлар орасидан мўралайди.

Халқ байрамни мароқ билан кузатар экан, айниқса ҳарбий хизматчилар томонидан тайёрланган чиқишлар олқишларга кўмилиб кетди. Хайробод гарнизонига қарашли ҳарбий қисм хизматчилари, фахрий қоровул, ҳарбий оркестр чиқишлари барчанинг диққатини бир нуқтага жамлай олди.

Кутилмаганда дўмбирасини созлаб: «Бахшининг боласи бахши бўлади, яхшининг боласи яхши бўлади», – дея даврага чиққан ҳаваскор ҳарбий бахши – контракт бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскар Рустам Бакиров айтимларидан қир-адир бирдай ларзага келди. Чунки халқ кўпдан буён бахши хонишларини соғинган эди. Қарсаклар давомли бўлди. II даражали сержант Ойбек Даминовнинг фарзанди 6 ёшли Муҳаммаджон Хушмуродов шундай шўхчан куйладики, жўр бўлмаган, ўйнамаган одам қолмади ҳисоб.

Адирнинг ҳар чеккасида тикилган ўтовлар миллий тарихимиз, анъаналаримиз ҳақида ҳикоя қилади. Ундаги сўзаналар, нақшлар жозибаси, миллий ҳунармандчилик намуналари сурхон этномаданияти силсиласини кўрсатиб туради.

Хуллас, Наврўз халқ ўйинлари, халқ оғзаки ижоди намуналари билан халқ байрамига айланиб кетди. Қолган лавҳалар ҳақида энди суратлар сўзласин…

Катта лейтенант Бобур ЭЛМУРОДОВ,

Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan