ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

“Банкир” 102 миллион сўмлик фирибгарликка қўл урди

Фуқаро Х.Файзиевга (исми-шарифи ўзгартирилган) Навоий вилоятининг АТ “Халқ банки” Нурота филиалида бош мутахассис лавозими ишониб топширилган эди, бироқ у ишончни оқламади.

Х.Файзиев “Халқ банки” Нурота филиалида бош мутахассис вазифасида ишлаб, яқин қариндошлари номига, гарчанд уларни паррандачилик, чорвачилик ва иссиқхона ташкил этиб тадбиркорлик фаолияти билан шуғлланиш учун бирор бир мақсадлари бўлмасада, фирибгарлик йўли билан банкдан уларнинг номига кредит чиқариш учун асос бўладиган тегишли ҳужжатларга имзо қўйдириб, банк орқали уларнинг номига жами
92 452 200 сўм кредит маблағларини чиқаради ҳамда кредит маблағлари эвазига олинган маҳсулотларни сотиб юборади ва пулларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатади.

Х.Файзиев кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш билан қаноатланмайди.

АТ “Халқ банки” Нурота филиалига кредит тўловларини тўлаш учун келган фуқаро Н.Жумаевдан (исми-шарифи ўзгартирилган) 10 000 000 сўм пул маблағларини қарздорлигини тўлаб қўйишини билдириб олиб қолиб, банкка кирим қилмасдан ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади ва Н.Жумаевга кредит қарздорлиги тўлиқ тўланганлигини айтиб келади.

Х.Файзиевга нисбатан тергов органи томонидан қўзғатилган жиноят иши 2022 йил 14 февраль куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилиб, у Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди ва 228-моддаси 2-қисмининг “а” бандида қайд қилинган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Х.Файзиев томонидан етказилган зарарлар ўрни тўлиқ қопланганлиги эътиборга олиниб,1 (бир) йил муддатга банк тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда иш ҳақининг ўн беш фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 (икки) йил 6 (олти) ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Авазжон Ибодов, Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan