ҚИЗИҚАРЛИ ТУРИЗМ ЎЗБЕКИСТОН

Термизнинг энг қадимий тангаси

Сурхондарёга ташриф буюрган ҳар бир меҳмон албатта вилоятимизнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири саналган Термиз археология музейига ташриф буюради. Мазкур музей Термиз шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи муносабати билан 2002 йил 2 апрелда ташкил этилган бўлиб, республикамиздаги ягона археологик йўналишдаги ихтисослаштирилган музей ҳисобланади.

Бугунги кунда музей фондларида 103 мингдан ошиқроқ экспонатлар мавжуд. Жумладан, нумизматикага оид саналган экспонатлар сони 29029 донани ташкил этади. Жорий йил давомида музей фондига ҳуқуқни муҳофза қилиш идоралари томонидан 647 дона қимматбаҳо турдаги тангалар ва турли хилдаги тақинчоқлар қабул қилиб олинди.

Музей фондидаги энг қадимий танга шубҳасиз бу Александр Македонскийнинг кумушдан зарб этилган тангасидир. Эрамиздан аввалги IV-III асрларга оид танганинг диаметри 2.2 см, оғирлиги 17.7 грамни ташкил этади. Аверсида ўчиб кетаёзган, бўртма тарзда инсоннинг чап тарафига қараган ҳукмдор боши тасвирланган. Реверсида марказида тахтда ўтирган Зевс, чап қўлида асо, ўнг қўлида қуш ушлаган ҳолатда акс этган.
Мазкур экспонат 2019 йилнинг 28 декабрь куни Термиз археология музейида “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг музей фондини бойитишдаги хизматлари” номли кўргазмада илк бора намойиш этилди.

Маълумотлар Термиз археология музейи катта илмий ходими Р.Худойбердиев ва музей илмий котиби М.Нормўминов томонидан тақдим этилди