ЎЗБЕКИСТОН

“Бойсун баҳори”га узунлиги 30 метр бўлган ноёб гилам тўқилди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 февралдаги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ шу йилнинг апрель ойида бўлиб ўтадиган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

“Бойсун Афрўзбек” оилавий корхонаси ҳунармандлари ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган мазкур йирик маданий тадбир арафасида узунлиги ўттиз ва эни икки ярим метр бўлган “Оқ эн” номли ноёб гилам тўқиб, уни халқаро фестивалда кенг намойиш этиш учун тахт қилиб қўйди.

–Чевар момоларимиздан мерос қолган бу гилам қадимда ҳам фақат туя жунидан қўл кучи билан тўқилган, – дейди “Бойсун Афрўзбек” оилавий корхонаси раҳбари Хадича Раҳимбердиева. – “Оқ эн” нафис гилам бўлиб, қадимда чевар момоларимиз табиий бўёқ билан турли жило берган. Саккиз нафар шогирдим саккиз ойда тўқиган бу гилам ҳам аждодларимиз анъаналари асосида тўқилди. 60 килограмм соф туя жуни ипи ишлатилган янги маҳсулотни халқаро фестивалда намойиш этишни мўлжаллаяпмиз. Тўлиқ қўл меҳнати маҳсули бўлган гилам нақшларини бўяшда ўтмишда момоларимиз ишлатган табиий бўёқлардан фойдаландик. Туя жунидан тўқилгани учун ўзига гард юқтирмайди. “Оқ эн” халқаро фольклор фестивали мақоми берилган бу йилги “Бойсун баҳори” га келадиган маҳаллий ва хорижлик иштирокчиларда бой таассурот уйғотади, деган умиддамиз.

Мутахассисларнинг фикрича, фестивал миллий анъаналарни асраб-авайлаб, фольклор санъатини эъзозлаш, ёш авлод онгу-шуурида халқ оғзаки ижодига бўлган қизиқишни янада ошириш баробарида хорижий давлатлар билан ҳамкорликда миллий маданиятлар уйғунлиги ва турфа хиллигини сақлаш, номоддий маданий мероснинг энг яхши намуналарини муҳофаза қилиш ва ривожлантиришга ҳам хизмат қилади. Жаҳон халқлари вакилларини маънавий мулоқотга чорлаб, миллий анъаналар асосида халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Туризмни юксалтиради.

– Фестивалга тайёргарлик доирасида бой туристик салоҳиятга эга вилоятнинг диққатга сазовор жойларига қизиқарли саёҳатлар уюштирилади,–дейди Бойсун тумани туризм ва маданий мерос бўлими бошлиғи Норали Пардаев. – Пурвиқор тоғлар бағридаги сўлим Паданг кенгликларининг хушманзара табиат қўйнида миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари, дроншоулар, этноспорт беллашувлари, улоқ-кўпкари, кураш мусобақалари ва бошқа миллий тадбирлар ўтказилади. Уларни ҳам юқори савияда ташкил этиш учун ҳозирдан тайёргарлик бошланди.

Йигирма бир йил муқаддам ЮНEСКО томонидан “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” рўйхатига киритилган тоғли Бойсун туманида халқ оғзаки ижоди дурдоналарини кенг тараннум этиб келаётган тўртта халқ ансамбли фаолият юритмоқда. Туман маданият уйида улар ҳам қадимдаги аждодлардан мерос қолган нафис фольклор санъатини маҳаллий ва хорижлик мухлисларга кенг намойиш этиш учун қизиқарли дастурлар ҳозирлаб, фестиваль кўрик-танловига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

– Халқаро фестивалда бой тарих ва маданиятга эга халқимизнинг бетакрор фольклор санъатини халқимиз улуғлаб, авайлаб-асраб келаётганини тадбир шинавандаларига кўрсатишни мақсад қилганмиз, – дейди Бойсун тумани маданият бўлими раҳбари Ҳамза Бозоров.– Бунинг учун нафақат репертуарлар янги жонли саҳна чиқишлари билан бойитилмоқда балки, санъаткорларимизнинг Бойсунга хос миллий либослари бежиримлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунёнинг кўплаб давлатларидан меҳмонлар келиши кутилаётган фестиваль ўтадиган хушманзара адирликларга олиб борадиган йўлларни таъмирлаш, теварак-атрофни ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш, иштирокчилар ва мухлисларга қулай замонавий шароитлар яратиш тегишли “йўл харитаси” га мувофиқ амалга оширилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan