ИЛМ-ФАН ЎЗБЕКИСТОН

Рус тили фани ўқитувчилари учун: 50 фоиз устама олмоқчимисиз?

Халқ таълими вазирлиги, А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ва Герцен номидаги Россия Давлат педагогика Университети ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Зўр” (Класс) лойиҳаси доирасида рус тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича (ТРКИ – Тест по русскому языку как иностранному) синовлар ўтказилган эди. Мазкур тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга тегишли сертификатлар топширилади.

Сертификатларни педагоглар бошлаб тегишли халқ таълими бўлимидан, жорий йил 24 февралдан шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан олиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 январдаги “Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг февраль ойидан мазкур ТРКИ С1 сертификатига эга бўлган, таълим тили рус тили бўлмаган мактаблар ва синфларда дарс берадиган рус тили ўқитувчиларига сертификат берилган санадан бошлаб, 2 йил давомида ойлик иш ҳақларига 50 фоиз устама белгиланади.

“Зўр” (Класс) лойиҳасининг 3-босқичи доирасида ҳудудлардаги рус тили фани ўқитувчилари учун ўтган йил якунида ТРКИ – рус тилини чет тили сифатида тестдан ўтказиш, ТПК – педагогик компетенцияни аниқлаш тест синовлари ўтказилган.

Режага кўра, 13 840 нафар ўтиши керак бўлса, шундан, 11 384 нафар рус тили фани ўқитувчиси тест синовларига жалб қилинди. Улардан 2502 нафари ТРКИ-(С1) ва ТРКИ-( Б2) Сертификатига эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа доирасида шу кунга қадар жами  19 661 нафар рус тили фанидан дарс берувчи ўқитувчининг тилни билиш бўйича кўникмалари синовдан ўтказилди. Шундан 6174 нафар ўқитувчи Россиянинг давлат намунасидаги С1 ва В2 даражадаги тил билиш сертификатига эга бўлди.

Сертификатга эга бўлмаган ўқитувчилар лойиҳанинг кейинги босқичларида имтиҳондан ўтиш имкони берилиши мумкин.

А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳанинг кейинги 4-босқичида жами 150 нафар Россиялик мутахассислар, шундан, 20 нафар методист ва 130 нафар ўқитувчи Ўзбекистонга келиши режалаштирилган. Герцен номидаги РДПУ мутахассислари билан ҳамкорликда кимё, физика, биология, математика, география фанларидан малака ошириш курсларининг контенти (ҳар бир фандан 36 тадан, жами 180 та видеодарслар, тақдимотлар) тайёрланади.

Шунингдек, 4500 ўқитувчи рус тилини билиш тестдан ўтказилади ва 1500 ўқувчи ҳам тест синовларини топшириб, билим даражасини аниқлайди.

Тизимда ислоҳотлар давом этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan