Тадбиркорлар ва аҳоли мурожаатларига эътиборсиз қараган Муборак тумани ҳокими ҳайфсан олди
Қашқадарё вилоятининг Муборак тумани ҳокими Акром Арипов тадбиркорлар ва аҳоли мурожаатларига эътиборсиз қарагани учун ҳайфсан олди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов хабар берди.
Қайд этилишича, туман ҳокимининг ҳайфсан олгани тўғрисида бугун, вилоят раҳбари Муроджон Азимов раислигида ўтган аппарат йиғилишида маълум қилинган.
Қашқадарёлик блогер Азизбек Яздурдиевнинг қўшимча қилишича, Муборак тумани ҳокими Акром Арипов туманга Бош вазир ўринбосарларидан бири келганда тумандаги ташкилотлардан бирининг биноси қаерда жойлашганини ҳам билмагани сабаб дакки эшитган.
“Ҳокимнинг ҳайфсан олишига яна бир сабаб шу бўлса керак”, — дейди “Дарё” мухбири билан суҳбатлашган блогер.
Муборак тумани ҳокими Акром Арипов 2021-йилнинг июн ойидан бери туманга раҳбарлик қилиб келмоқда. У ҳокимликка қадар Қарши тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритган.