Uncategorized

Битта маҳалла – битта маҳсулот: бу дастур маҳаллага тадбиркорлик руҳини олиб кирди

2022 йилнинг январь ойидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ юртимизнинг ҳар бир маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилиб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда.

Бугун «Авлод» маҳалласида «Бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида маҳалла драйвери соҳаси бўйича ишларни амалга ошириш юзасидан семинар ташкил этилди.


Унда вилоят хокимининг биринчи ўринбосари Ф.Маманов, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Жўраев, Жарқўрғон тумани ҳокими Б.Ўроқов, туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, вилоятга республикадан бириктирилган вакиллар, марказ бошлиқлари ҳамда маҳалладаги лидер тадбиркорлар иштирок этишди.

Дастлаб иштирокчилар мазкур маҳаллада иссиқхоналар ташкил этиш бўйича амалга оширилган янгича ёндашув презитанцияси билан танишишди.

Жарқўрғон туманидаги «Авлод» маҳалла фуқаролар йиғинида 338 дан ортиқ хонадон аҳолиси узоқ йиллардан буён очиқ майдонларда дуга усулидаги иссиқхоналардан фойдаланиб
келишган.

Унда биринчи экинга декабрь-июль ойлари оралиғида булғор қалампири етиштириш;

иккинчи экинга август-ноябрь ойларида бодринг ёки помидор етиштиришган.

Дастлабки ўрганишларга кўра, мазкур маҳалладаги 100 та хонадонларда 4 сотихли иссиқхоналар ташкил этиш орқали етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилдорлигининг ошиши эвазига 200 нафардан ортиқ ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари орқали маҳалла аҳолисига кредит берилиши, фуқароларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирмоқда.Бу дастур маҳаллага тадбиркорлик руҳини олиб кирди, десак асло муболаға бўлмайди.

Масалан, 100 та оила 4 сотихдан иссиқхона қурганда 4 гектар иссиқхонадан 400 тонна булғор қалампири, 300 тонна помидор етиштириб, 7,8 млрд. сўм даромадга эга бўлади.
Агар 400 тонна булғор қалампири экспорт қилинса, 1 кг булғор қалампири 15 минг сўмдан сотилганда ўртача 6 млрд. сўмлик (500 минг доллар) миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиш имконига эга бўлади.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими натижасида давлатнинг энг катта ва муҳим функцияси, бандлик таъминланиб, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га кирадиган фуқаро қолмайди.

Йиғилганлар мазкур маҳаллада қўлланилаётган янгича тажриба билан танишиш мақсадида уйма-уй юриб, иссиқхоналар, лидер тадбиркорлар фаолияти билан ҳам танишишди.

Мухбиримиз Жарқўрғон туманидаги «Авлод» маҳалласида бўлиб, аҳоли, семинар иштирокчилари ҳамда лидер тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, уларни камера объективига муҳрлади.

Бу ҳақда кейинроқ саҳифаларимизда танишингиз мумкин.

Ўроқали Диёров, «Diyor24.uz» ОАН мухбири

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan