Uncategorized

Ўзбекистонда илк бор 10 йиллик давлат облигациялари муомалага чиқарилди

Жорий йилнинг 25-январ куни Ўзбекистон Республика Валюта биржасида ўтказилган электрон ауцион савдоларида умумий ҳажми 174,5 млрд. сўмлик муомала даври 5 йил ва илк маротаба умумий ҳажми 10 млрд. сўмлик муомала даври 10 йил давлат қимматли қоғозлари муомалага чиқарилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ушбу давлат қимматли қоғозларининг ўртача тортилган фоиз купон тўлови мос равишда, йиллик 14,5 ва 15 фоизни ташкил этиб, 10 йиллик муддат учун бенчмарк яратилди.

Ўрта ва узоқ муддатли давлат қимматли қоғозлари эмиссия қилиниши миллий валютадаги паст хатарли инструментларни чиқариш орқали маблағларни жалб қилиш бенчмарки бўлиб хизмат қилади, молиявий инструментларни диверсификациялаш ҳамда молия бозорига янги иштирокчиларни (норезидентлар, жисмоний шахслар, суғурта компаниялари ва бошқалар) жалб этиш учун замин яратади.

Қайд этилишича, Молия вазирлиги томонидан давлат қарзи портфелини диверсификациялаш ва валюта хатарларини пасайтириш мақсадида давлат қимматли қоғозларини чиқариш ҳажми оширилмоқда ва ички молия бозорларини ривожлантириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, Давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш борасида Молия вазирлиги билан АҚШ Ғазначилиги ўртасидаги ҳамкорлик доирасида АҚШ Ғазначилигининг маслаҳатчилари томонидан Молия вазирлигига техник кўмак кўрсатилмоқда.

Шу билан бирга, давлат қарзи портфелида валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2020-йил ноябр ойида илк бора сўмда 2 трлн. сўм ва 2021-йил июл ойида сўмда 2.5 трлн. сўм миқдорида суверен халқаро облигациялари чиқарилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan