Uncategorized

Сурхондарёда 195 та маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 15 январь куни маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини бажариш учун Сурхондарё вилоятида кенг қамровли чора-тадбир белгилаб олинди.

Шунга мувофиқ воҳадаги 195 та маҳалла иқтисодий-ижтимоий аҳволи нисбатан оғир ҳудуд сифатида танланиб, ушбу ҳудудларда йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш каби ишлар бошлаб юборилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, Қизириқ туманидаги Қорасув ва Бандихон туманидаги Фаровон маҳаллаларидаги 6 километрдан ортиқ ички йўлларга бугуннинг ўзида шағал-тош тўкилди.  

Шунингдек, Қизириқ туманидаги Қорасув маҳалласида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган 50 қатновга мўлжалланган тиббиёт муассасаси тантанали равишда очилди. Шу куни замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган муассасада маҳалла аҳолиси бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

“Холдинг Гулям” МЧЖ томонидан маҳаллада тикувчилик цехини ишга туширилгани аҳолини хурсандчилигини оширди. Боиси, ушбу цехда ҳудуддаги 11 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 

  • Жорий йил ҳисобидан дастлабки лойиҳамизни ишга туширдик, – дейди “Холдинг Гулям” МЧЖ раҳбари Ғулом Бадалов. Йил якунигача тикувчилик цехимизга яна 14 та, сартарошхона, нон цехи бошқа лойиҳаларни ишга тушириш натижасида 12 та янги иш ўринлари яратамиз. Бу ишларни амалга оширишимизда маҳалладаги йиллар давомида самарасиз фойдаланилган ва бўш турган бинони бир сўм қийматда берилгани қўл келди.

Нуронийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳаллалардаги ҳокимларнинг ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва маҳалла аҳли иштирок этган тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб, фаровон яшашига хизмат қилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири маҳаллаларидаги ҳокимларнинг ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан суҳбатлашди. Ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Ҳудудларда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan