Uncategorized

Илк бор Ўзбекистон Миллий атласи нашр этилди

2 та жилддан иборат Атлас 416 та харитани ўзида жамлаган фундаментал илмий-картографик асар бўлиб, унда мамлакатимизнинг маъмурий чегарасига кирувчи барча ҳудудларнинг табиий-географик ўрни ва умумий хусусиятлари, табиий шароити ва табиий ресурслари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, аҳолиси, ижтимоий ва иқтисодиёт соҳалари ҳамда тарихига оид маълумотлар мужассамлашган.

Улар асарда диаграммалар, шартли белгилар, иллюстрация, картографик ва матнли кўринишда тавсифланади. Ҳар иккала жилддан географик объектлар номлари кўрсаткичлари ва терминлар луғати ҳам жой олган.

Ўзбекистон Миллий атласининг 1-жилди 3 та асосий ва 11 та кичик бўлимдан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг «Табиий-географик ўрни ва умумий хусусиятлари», «Табиий шароити ва табиий ресурслари», «Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси» соҳалари акс эттирган 205 та хариталардан ташкил топган.

Ўзбекистон Миллий атласининг 2-жилди 5 та бўлим ва 11 та кичик бўлимлардан ташкил топган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг ”Умумий хусусиятлари“, «Аҳолиси», «Ижтимоий соҳаси» «Иқтисодиёти» «Тарихи» соҳалари акс эттирган 211 та хариталардан ташкил топган.

Атласда тўпланган Ўзбекистон Республикаси тўғрисидаги хилма-хил маълумотлар илмий изланишларга, янги билимларни эгаллашга, маълумотларни янги авлодларга етказишга, Ўзбекистон фуқароларининг миллий ва давлатга оид онгини шакллантиришга, илмий тадқиқотлар ва таълимни ривожлантиришга, турли ташкилотларнинг амалиётида қўллашга, шунингдек халқаро миқёсда Ўзбекистон Республикаси тўғрисидаги билимларни тарқатиш ва Ўзбекистон Республикасининг картография соҳасидаги имижини янада оширишга хизмат қилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan