Uncategorized

МЕҲРИМ, МЕҲРИБОНЛАРИМ…

Ҳаёт қизиқ-да, кутилмаганда мушкул вазиятларга тушириб қўяди. Мен ҳам кутилмаганда мушкуллик гирдобига тортилдим. Гўё, дуч келганим – муаммонинг ечими йўқдек эди. Етти йил сарсон-саргардон бўлиб, тор ва зах ижарага олинган хоналарда яшаб юриб, очиғи, кўпчиликдан меҳр-оқибат кутдим. Аммо… бирор арзирли мадад, жиллақурса, тасалли сўз анқонинг уруғига тенг бўган кунлар ҳам бўлди…

Табиийки, ҳеч кимдан хафа бўганим йўқ. Хатони ўзим қилдимми, жабри ҳам ўзимники, деган тушунча билан яшаб, ижод қилишда давом этавердим. Аллоҳнинг менга атаган яхши кунлари ҳали бор экан. Кутилмаганда, уйли-жойли бўлиб қолдим. Ҳангомаларнинг иккинчи ва энг мушкул қисми ана шундан сўнг бошланди. Уйни расмийлаштириш ва унга кўчиб кириш учун шунчалар кўп тўловлар ҳамда ҳужжатлар талаб этилар эканки, бундай вазиятга тушишдан Худонинг ўзи асрасин. Чунки чўнтагимда ҳемири йўқ, бирор қора кунимга яраб қолар, деган умидда бирор сўмни тежаб жамғариб ҳам қўймагандим. Негаки, неча бор ёрдам сўраб мурожаат қилган бўсам, ҳаммасига бир хил қолипдаги жавоб олавериб, ҳафсалам пир бўлганди. Шунинг учун бўлса керак, уй берилиши тўғрисидаги хабарни эшитишим биланоқ, ҳаётимда яна изтиробли кунлар бошланди. Назаримда, ҳаёт бир нуқтада тўхтаб қолгандай, ўзим эса ана шу ҳаёт нарвонида яна муаллақ ҳолда осилиб қолгандай ҳис этдим ўзимни…
Ана шундай ғамбода кунларнинг бирида бошим узра қуёш чарақлагандай бўлди. Негаки, бу пайтга қадар топган-тутганларимни майда чайнаб еб юрганларнинг бирортасидан мен кутган мадад келмади. Аммо кутилмаганда ҳамкасбларнинг бири беминнат ёрдам учун қўл чўзди. Аслида мен бу йигитдан (илтимосига кўра, исм-шарифини эълон қилмаяпман) ҳеч бир саховат кутмаган эдим. Чунки анча йиллардан буён таниш бўлсак-да, ўзаро муомала-муносабатда самимиятни, оралиқ масофани мустаҳкам сақлаб келаётган эдик, холос.
Йўқ, уни кўкларга кўтариб мақтамоқчи, ёки номини шарафламоқчи ҳам эмасман. У намоён этган саховат намунаси сабаб, кўнглимнинг туб-тубида мудраб ётган, ўсмирлик ва ёшлик давримда мени худди мана шу йигит каби ўз саховатидан баҳраманд этиб, сағир бошимни силаган инсонларни яна бир бор эслаб ўтмоқчиман. Чунки мен умрим давомида учинчи бор мана шундай беминнат, беғараз саховатдан тўласинча баҳраманд бўлаяпман. Ушбу битикларим эса, унга бўлган меҳрим, унинг меҳрибончилигига менинг муносиб жавобим, миннатдорчилигим рамзидир.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди, мен ўқиган мактабга Султан Харитжанович Хутинаевни деган осетин директорлик қилганди. Айнан шу инсоннинг меҳрибонлиги, саъй-ҳаракатлари туфайли менга йилда икки марта, яъни қишки ва ёзги кийим-кечак, «Какайди» қўрғонидаги ишчилар ошхонасида эса кунига уч маҳал иссиқ овқат бериладиган бўлганди. Энг муҳими, мактабни тугаллагач, ўқишга кириш мақсадида Тошкентга жўнашда йўл пули тополмай, изиллаб йиғлаб турганимда яна ана шу Султон Хутинаев бошимни силади. Дарров уйига кириб ўша йиллари муомалада бўлган пул – 90 рубл олиб чиқиб қўлимга тутқазди. Бу пул камлик қилади деб ўйлади шекилли, қўшнисидан 50 рубл қарз олиб бу пулни ҳам менга берди. Ана шу инсоннинг саховати туфайли мен ўша йилиёқ, талаба бўлдим. Дастлаб, Тошкентдаги маданий-оқартув техникумида, сўнгра Тошкент давлат маданият институтида ўқидим. Сурхонга қайтгач, бирор икки йил давомида ўзим ўқиган мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. Айни пайтда мақола ва ҳикоялар ёзиб, вилоят ҳамда туман газеталарида эълон қилиб бордим. Кутилмаганда, яни 1981 йилнинг январида мени вилоят радиосига ишга таклиф этишди. Бу ерда икки йил ишлагач, журналистика оламига тўлиқ кириб бормаганимни англаб етдим. Натижада ишдан бўшаб,яна Тошкентга жўнадим. Шу тариқа ТошДУ (ҳозирги МУ) журналистика факултетининг кечки бўлимида ўқий бошладим. Шундан сўнг “Саодат” журналида, “Ёш ленинчи” (кейинчалик бу газета “Туркистон” деб атала бошлади – Т.Қ.) газетасида бир муддат ишладим. Буларнинг барига мактаб директорининг саховатли кўмаги туртки берди.
Мен ҳали-ҳамон cаховатпеша сифатида қалбим тўрида ардоқлаб келаётган инсонларнинг яна бири – адабиёт муаллими Қаҳҳор Юсупов бўлади. Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, ўз замонасининг қатор орден ва медалларига мушарраф бўлган бу ўқитувчи чинакам зиёли одам эди. Ниҳоятда озода, тағин дид билан кийиниб юрарди. Биз ўқувчилар унинг бирор марта бўлсин қаттиқ овозда кулганини, ёки баланд оҳангларда гапирганини эшитмаганмиз. Ана шу муаллимим менга ҳар ойда йигирма сўм пул жўнатиб турарди. Таътилдан ўқишга қайтаётганимда эса, албатта 100 сўм берар эди. Бу ўша пайтлар учун каттагина маблағ ҳисобланарди. Мен бу устозимни шунчаки ўрни келиб қолгани, ёки саховатпеша муаллим сифатида мақташ учун келтираётганим йўқ. Муаллимим мендаги адабиётга қизиқишни бошқалардан эртароқ пайқаганини ва юзага чиқишимга имкон беришга, яхши ўқишим учун шароит яратиб беришга жиддият билан киришганини таъкидлаш учунгина айтаяпман, холос. Очиғини айтганда, ана шу икки инсон бўлмаганда, билмадим, ким бўлиб етишардим, билмадим. Яратганга шукрки, умрим давомида тақдир мени бундай саховатпеша инсонлар билан кўп бора учраштирди.
Мана, ёшим ҳам етмишни қоралаб қолди. Болалигимдан бошлабоқ, менга меҳр-мурувват кўрсатган инсонларнинг ишончини оқлаш илинжида ўзим танлаган соҳа бўйича изланиб, яшаб ва ишлаб келаяпман. Энг муҳими, ижод қилишдан тўхтаганим йўқ. Яратганга шукур, бу пайтга қадар тўрт-бешта ҳужжатли, учта бадиий қисса яратдим. Ўн бешдан ортиқ болалар ва катта ёшдаги томошабинларга мўлжалланган асарим саҳналаштирилди. Бундан ташқари, йигирмадан ортиқ ҳикояларим эълон қилинди. Бу мисолларни болалигимдан бошлаб, то ҳозирги кунга қадар менга ишониб меҳр-мурувват кўрсатиб келаётган инсонларнинг саховатига жавоб деб ҳисоблаганим учунгина келтираяпман. Демоқчиманки, ўз ўрнида, тағин билиб қилинган савоб иш ҳеч қачон изсиз кетмайди. Фурсатдан фойдаланиб, умрим сўнгида мени ёлғизлатиб қўймаган вилоятимиз ҳокими Т. Боболовга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги қабулхонаси мудири А. Эшмуродовга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.

Тўра Қобилов, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, драматург.

                                          

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan