ЖАМИЯТ

Кимдир қимирлабди: 78-Термиз округ сайлов комиссиясининг “ўхшамаган” раддияси

diyor24 саҳифаларида “Сайлов ва монополия сарлавҳали материал бўйича бугунгача ҳам таҳририятимиз номига сайловни ташкил этиш, сайлов участкаларини тузишга масъуллар ёхуд ҳуқуқ тартибот идораларидан бирон-бир изоҳ келмади.

Аммо, республика миқёсидаги дарё.уз нашри 2019 йил 28 декабр соат 15.31 да ушбу материалимизни  “Сурхондарёдаги сайлов участкаларининг бирида сайлов кодекси талаблари бузилгани аниқланди” сарлавҳаси остида ўз саҳифасига жойлаштирганидан кейин, (тезкорликка қаранг) шу куннинг ўзида кеч соат 21.06 да “ҳудудда Сайлов кодекси талаблари бузилганини рад этди” номи остида изоҳни ҳам эълон қилди.

Изоҳда 78-сайлов округ комиссияси “… округ комиссиясининг 14 декабрдаги қарори билан 260-участка сайлов комиссияси таркибига ўзгартириш киритилди-номзодга бевосита бўйсунувчи 8-мактаб ходимлари комиссия аъзолари таркибидан чиқарилди.”, дея билдирган.

Аммо, биздаги мавжуд аудио ва видео материаллар билан солиштирсангиз, мазкур жавобнинг тўғрилигига сизда ҳам шубҳа туғилиши, табиий. Масалан, материалга жойлаштирилган фотосуратлар 17 декабрда участка сайлов комиссияси биносидан олинган.

Шунингдек, журналистимиз 16 декабр куни соат 18.47 да 260-сайлов участка комиссияси раиси Зуҳриддин Расулов билан телефон орқали суҳбатлашган.

2019 йил 16 декабр куни 260-сайлов участка комиссияси раиси З.Расулов билан бўлган телефон орқали суҳбат баёни(Суҳбатнинг бошланишида З.Расулов 260-сайлов участка комиссияси таркибини исм фамилиялари, иш жойлари билан таништириб ўтган, қуйида ундан кейинги суҳбат жараёнини тақдим этилмоқда):

Мухбир:- Зуҳриддин, мен сиз тақдим этаётган маълумотларни телефонда ёзиб оляпман. Сиз сайлов участка комиссиясига раис бўлганингизда мактабингиз раҳбари номзод эканликларини билармидингиз?

З.Расулов: -Ҳа.

Мухбир:– Сайлов кодексига кўра бу мумкин эмаслигини айтишмаганми?!

З.Расулов – Мени атайлаб қўйишмаганку. Ўзлари қайси номзодни қаердан кўрсатиш кераклигини билишлари керак эди. Мен раис бўлган участкадан директоримни номзоди кўрсатилмаслиги керак эди. Мен ўзи вилоятга бириктирилган тренерман, сайлов масаласида. Номзодликка директоримиз қўймаган, уни сиёсий партиялар номзодликка киритган. Мен қўймайманку номзодни…

Мухбир:-Тўғри, сиз қўймагансиз, лекин, сиз қонунга зид эканлигини била туриб ҳеч қандай ҳаракат қилмадингизми?

З.Расулов – Мен юқоридагиларни хабардор қилганман!

Мухбир:-Айнан кимга айтгансиз…?

З.Расулов: -Тегишли округларга айтганман! Ўзи аслида мактабимиз директори, комиссия раислигига турганди, кейин номзод бўлди, кейин мени раисликка қўйишди.

Мухбир:-Раҳмат!

З.Расулов:-Майли!

“Дарё.уз” га 78-Термиз сайлов округи 14-декабрда комиссия таркиби ўзгарганини расман таъкидлаяпти! Агар шундай бўлса, 260-участка сайлов комиссияси раиси ўзгаришдан наҳотки бехабар?! Мантиққа мос келмайдиган ҳолат!

diyor24да 22 декабр сайлов кунида ҳам 260-сайлов участкасида З.Расулов комиссия раиси мандати(бейжик)ни тақиб ишлаётганини тасдиқловчи ҳамда унинг интервьюси олинган видеоматериал ҳам мавжуд. Ушбу интервьюда З.Расулов комиссия таркиби ўзгартирилгани айтган, лекин, журналистларга янги таркиб рўйхатини кўрсата олмаган. 260-участка сайлов комиссиясининг янги раисиман, деб ўзини таништирган Термиз шаҳри 8-сон мактабгача таълим ташкилоти мудираси Муниса Орипова эса мандатсиз ишлаётганини тан олади. Қизиқ, 78-Термиз сайлов округи маълум қилганидек, 14-декабрда комиссия янгиланган бўлса, нега сайлов кунигача (орада 8 кун бор) З.Расуловдан мандат олиб қўйилмади? Ёки комиссиянинг янги раисига мандат (бейжик) берилмади? Берилган тақдирда, аввалги раисда ҳам янги раисда ҳам мандат бўлиши кулгили-ку!


78-Термиз сайлов округи ўз изоҳида 
260-участка сайлов комиссияси таркиби ўзгартирилганини, 8-мактаб ўқитувчилари чиқарилганига муносабат билдирган-у, бироқ, негадир, депутатликка яна бир номзод «Турон» маҳалла фуқаролар йиғини раисига бевосита бўйсинувчи ходимларнинг участка сайлов комиссияси таркибидаги фаолияти ҳақида лом-мим демаган.

Ваҳоланки, бу масалада ҳам мурожаат қилган номзод эътироз билдиргани ҳақида материалда аниқ қилиб ёзилганди.

Таҳририятимиз юқоридаги барча тушунмовчиликларни бартараф этишда ҳуқуқ тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилишга тайёр, агар улар буни исташса, албатта!

Биз такрорий сайлов ўтиши белгиланган округлар ҳудудида истиқомат қилувчи юртдошларимизни 5 декабр куни ўтказиладиган такрорий сайлов жараёнларида фаол бўлишга чақирамиз!

Нима, қандай бўлишидан қатъий назар, сайловчининг сайлов участкасига келиб номзодларга муносабат билдириши жамиятни янгилаш, ривожлантиришга хизмат қилишини унутмайлик!

                                                                                                                       Жўшқин