Uncategorized

Тўра Боболов яна икки туман ҳокими ва вилоят ҳокими ўринбосарларига интизомий жазо қўллади

Вилоят ҳокимлигида видеоселектор тарзида навбатдаги Ҳокимлик соати йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати масъул ходимлари, шаҳар, туманлар ҳокимлари, секторлар, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишни вилоят ҳокими Тўра Боболов бошқариб борди.

Йиғилишда 2021 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастурининг ижроси ҳамда маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича сектор раҳбарлари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳолати кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар муҳокамаси чоғида берилган топшириқларнинг бажарилишига масъулиятсизлик билан ёндашгани, “Ijro.gov.uz” электрон тизимига етарли асосга эга бўлмаган маълумотларни киритиш ҳолатлари кузатилгани ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, котибият мудири ва туман ҳокимларига турли даражадаги интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Жумладан, вилоят ҳокимининг ўринбосари Сапаров Илҳом Очилович ҳамда котибият мудири Мирзаев Фаррух Рўзибоевичларга нисбатан «Ҳайфсан» интизомий жазоси, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хидиров Алишер Буриевичга «Ўртача ойлик иш ҳақининг ўн фоизи» миқдорида, Қизириқ тумани ҳокими Юсупов Илхом Элмуродович ҳамда Термиз тумани ҳокими Уринов Шухратжон Бекмахматовичларга «Ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи» миқдорида жарима жазоси белгиланди.

Йиғилишда, шунингдек, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи С.Абдурасулов томонидан “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида”ги Президент фармони ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қабул қилинаётган қарор ва фармойишларнинг қонунийлиги юзасидан таҳлилий маълумотлар берилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan