Uncategorized

Илк марта овоз берувчи талаба-ёшларга сиёсий жараёнлар борасида тушунчалар берилди

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалида миллий сайлов қонунчилигимиз ва жорий йилнинг 24-октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига кўрилаётган тайёргарлик жараёнларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси С.Саттаров ва Марказий сайлов комиссияси аъзоси М.Қодирова талаба-ёшларга воҳада муҳим сиёсий жараёнга ҳар тарафлама пухта ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берди.

Жорий йилги сайловнинг ўзига хос хусусиятлари, округ ҳудудида ташкил этилган 860 та сайлов участкасида Сайлов кодексига мувофиқ олиб борилаётган ишлар, мамлакатимизда белгиланган карантин қоидаларига риоя этиш учун яратилаётган шароитлар хусусида фикр алмашди. Вилоятда муҳим жараённи очиқ, ошкора ва умумэътироф этилган мезонлар асосида ўтказиш учун барча шароит яратилаётгани қайд этилди.

–Бўлажак сайлов менинг ҳаётимда муҳим из қолдиради, – дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали талабаси Ўрол Тожиев.¬ – Чунки бу жараёнда мен ҳам фаол иштирок этиб, мамлакатимиз келажаги, тинч ва фаровон турмушимиз учун овоз бераман. 

Айни пайтда транспорт иншоотлари эксплутацияси йўналишида ўқиб, соҳа сирларини қунт билан эгаллаяпман. Бугунги учрашувда миллий сайлов қонунчилигимиз ҳамда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараён ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим.

Маълумот ўрнида, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалида 4298 нафар талаба таълим олмоқда. Шулардан 630 нафари бу йилги сайловда биринчи марта овоз беради.

Учрашувда талаба-ёшлар сайлов жараёнлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб олди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan