Uncategorized

“Aфғонистондаги ўзбеклар учун синовли кунлар бошланди”. Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Aфғонистондаги вазият ҳақида муносабат билдирди

“Толибон” Aфғонистонни тўлиқ эгаллагани ва 20 йиллик уруш тугаганини эълон қилди. Ушбу воқеалардан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Одилжон Тожиев ўз муносабатини билдириб ўтди.

“Бугун тонгни ҳадик-хавотир ва қайғу билан кутиб олдик. Қўшниларимиздаги нотинчлик бизга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди, қалб хотиржамлиги йўқолди.

Уруш – урушгача бўлган сиёсатнинг давомидиръ, деган ибора бор. Aфғонистондаги вазият хаос эмас, режалаштирилган ҳаракатга ўхшаяпти. Кимлар ва қандай мақсадлар ҳал қилувчи ўринда тургани ҳаммага маълум.

Aфғонистонга тинчлик керак. Aммо саволнинг мазмуни шундайки, ўша тинчликни кимлар, қандай амбицияга эга кучлар ўрнатиши биз учун аҳамиятлими? Ҳа, шак-шубҳасиз муҳим аҳамиятга эга. Балки шунинг учун ҳам воқеаларнинг эҳтимолий ривожланишини назарда тутиб, юқори даражадаги бетарафлик, уришаётган томонларнинг бирига ён босмаслик сиёсати олиб борилди”, – дейди спикер ўринбосари.

Одилжон Тожиев, шунингдек, Aфғонистондаги ўзбеклар тақдири ҳақида ҳам фикр билдирди.

“Aфғонистондаги ўзбек диаспораси учун синовли кунлар бошланди. “Толибон”нинг ўзаги пуштун қабиласи эканини назарда тутсак, шундоқ ҳам Aфғонистонда жуда нозик ва қалтис масала ҳисобланган ички этник муносабатлар янаям таранглашади. Ўзбекистон эндиликда хориждаги этник ўзбеклар манфаати учун ҳам музокараларга кириши эҳтимоли юқори.

Умуман, “Толибон” мамлакатни шитоб билан эгаллаётган айни дақиқаларда биз учун муҳими, ўша позицияни сақлаб қолиш. Яъни гуманистик кўмаклар, қочоқларга ёрдам кўрсатиш баробарида хавфсизлигимизга заррача ҳам рахна туғдирмаслик керак.

Бу борада Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳуқуқ нормаларига изчил амал қилишига қатъий ишонаман”, – дейди Одилжон Тожиев.

Маълумот учун, “Толибон” 15-август куни бутун Aфғонистон унинг назорати остига ўтганини эълон қилди. Мамлакатнинг собиқ президенти Aшраф Ғани истеъфо бериб, Ўзбекистонга келгани маълум қилинди. Бироқ бу хабар кейинчалик тасдиқланмади.

15-август тонгида Ўзбекистон томони Aфғонистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳни қабул қилгани (улар орасида уч нафар ярадор ҳам бўлган), улар ДХХ чегара қўшинлари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистон ҳудудида вақтинча бўлиб туриши ташкил этилгани маълум бўлди. Шу куни соат 10:00 ҳолатига кўра, ушбу кўприкдаги вазият юмшади. Aфғонистонликларнинг асосий қисми кўприкни тарк этди. Пешинга яқин эса Ҳайратон кўприги атрофидаги вазият бутунлай барқарорлашди.

Ўзбекистон расмийларининг маълум қилишича, Aфғонистон билан чегарада барча хавфсизлик чоралари кўрилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan