Uncategorized

Тожикистонда 230 минг ҳарбий иштирокида машғулотлар ўтказилмоқда

Тожикистонда 22-июлга ўтар кечаси ҳарбий шайликни текшириш бўйича “Чегара—2021” машғулотлари бошланди, деб ёзади
Kommersant”. Уларда мамлакат Қуролли Кучлари ва куч тузилмаларининг барча бўлинмалари иштирок этмоқда, 230 мингдан ортиқ одам жалб қилинган. Машғулотлар Тошкент вақти билан соат 04:00 да президент Эмомали Раҳмоннинг фармойиши билан бошланди.

Республика мудофаа вазири Шерали Мирзо президентга маълум қилишича, ҳарбий машғулотларга Қуролли Кучлар ва куч тузилмалари шахсий таркибидаги 100 минг киши, шунингдек, захирадаги 130 минг зобит ва аскарлар жалб этилган.

“Машқлар чоғида белгиланган жойларга 1023 дона зирҳли техника, 3167 дона махсус автомобил техникаси, 447 дона артиллерия қурилмаси, пушка ва миномётлар, 254 дона ҳаво ҳужумига қарши мудофаа воситаси, 45 дона самолёт ва жанговар вертолёт жойлаштирилди”, — дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

30-июл куни Россия ва Ўзбекистон Сурхондарё вилоятида ўқув машғулотларини бошлайди. Уларда қарийб 1,5 минг ҳарбий қатнашиши кутилмоқда. 5-август куни эса Тожикистоннинг Хатлон вилоятида Россия, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг қўшма машғулотлари бошланади.

Машғулотлар Aфғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви фонида ўтказилмоқда.

Aфғонистон ҳукумати кучлари ва “Толибон” ўртасидаги тўқнашувлар AҚШ ўз қўшинларини Aфғонистондан олиб чиқишни бошлагач кучайди.

Aфғонистондан NATO қўшинларини олиб чиқиш 29-апрелда бошланган, AҚШ ва “Толибон” ўртасида тузилган келишувга биноан жараён кузда якунланиши керак. Сўнгги маълумотларга кўра, AҚШ Aфғонистондаги ҳарбий контингентининг 90 фоиздан кўпроғини олиб чиқиб кетди.

Германия, Италия ва Aвстралия эса Aфғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan