15 июн куни Тошкент шаҳрида собиқ Ўзбекистон таеквондо терма жамоаси бош мураббийи Ким Жин Ёнгни ватандоши ўз уйида ўлдириб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 15 июн куни соат тахминан 04:00 ларда 44 ёшли Жанубий Корея Республикаси фуқароси К. Д. маст ҳолатда, Чилонзор тумани Дўмбробод 4-тор кўчасида жойлашган уйларнинг бирида бўла туриб, шу ерда бўлган 40 ёшли юртдоши К.Ж., билан юзага келган келишмовчилик натижасида ўткир тиғли жисмни Ж.Кимга қарата отиб, тан жароҳат етказган.
Натижада оғир тан жароҳат олган К.Ж. зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган.
Мазкур холат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан К. Д.гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
16 июн куни жабрланувчи олган тан жароҳатлари натижасида вафот этган.
Шу куни Д.K.гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “Д” банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълумот учун, Ким Жин Ёнг Ўзбекистон таеквондо терма жамоаси Бош мураббийи сифатида 2020 йилнинг февралидан декабрига қадар фаолият олиб борган. У бугунгача Таеквондо WТ федерациясида мураббий бўлиб ишлаган.