Uncategorized

Меҳнат қилиш ҳуқуқи

Меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳар биримизнинг ижтимоий ҳуқуқимиз ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнат тақиқланиши Конституциямизда белгилаб қўйилган.

Меҳнат қонунчилигида ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилиши белгилаб қўйилган. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан уларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади.
Ишга қабул қилишга йўл қўйиладиган ёшга етган шахс, ходим сифатида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича иш берувчи билан меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя қилган ҳолда меҳнат шартномаси тузиши мумкин.

Меҳнат шартномасига қуйиладиган талаблар ва бошқа шартлар:

Биринчидан, бу шартнома ишга жойлашиш ниятида келган ходим ва корхона, ташкилотларда ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ўртасида икки нусхада, ёзма шаклда тузилади ва ҳар иккала томон томонидан имзоланади. Мансабдор шахснинг имзоси имзонинг ҳақиқий ва ваколатли эканлини таъкидлаш учун корхона муҳри билан тасдиқланади.

Иккинчидан, меҳнат шартномасида ходим корхонага қайси вазифага, қандай лавозимга қабул қилинаётгани, иш жойи, вақти, меҳнат ҳақи миқдори, шартноманинг муддати, тарафларнинг мажбуриятлари ва бошқа шартлар кўрсатилиши лозим.

Учинчидан, меҳнат шартномаси у имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Агар шартномада ишнинг бошланиш куни ҳақида шартлашилмаган бўлса, ходим меҳнат шартномаси имзоланган иш кунининг эртасидан кечикмай ишга тушиши керак.
Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади. Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас.  Шу ўринда барчани қизиқтирган савол туғилиши мумкин.

Ишга қабул қилиш вақтида қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига биноан, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
–      паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса, – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;
–      меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;
–      ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;
–      қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади. Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Агар ишга кираётган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати ҳақиқий бўлмаса, уни ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин. 

Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади. Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.

Ходимнинг меҳнатга оид муносабатлари камситилганда, иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахслар ишга қабул қилинмаганда, меҳнат шартномаси тузиш шарт бўлган шахсларни, жумладан минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни, ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги важ қилиниб ишга қабул қилинмаганда, ходим ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилгани устидан судга шикоят тартибида мурожаат қилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда меҳнатни муҳофаза қилиш давлат сиёсатига асосланган бўлиб, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланган.

Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси
Алимардонов Тўра

Сариосиё туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси        Гадоева Мафтуна

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan