Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Бойсун туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Термиз-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро Я.Ф. бошқарувидаги юк автомашинаси тўхтатилиб текширилди. Натижада юк автотранспорт воситасида божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган хорижда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ҳамда тамаки маҳсулотлари борлиги маълум бўлди.
Фуқаро Я.Ф. кўрсатмасига кўра юк автомашинасига ортилган дори-дармон ва тамаки маҳсулотлари фуқаролар Қ.А ва А.Ш. ларга тегишли эканлиги аниқланиб, улардан товарларга тегишли, божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш сўралганда, ушбу маҳсулотлар айланма йўллар билан юртимизга кириб келганлиги баён этилди.
Шундай сўнг, юк автомашинасидаги товарлар холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда, жами қиймати 101.300.000 сўмлик 4840 қути акциз маркаларига эга бўлмаган тамаки махсулотлари ва сифати кафолатланмаган қиймати 435.243.000 сўмлик 9 та номдаги хорижда ишлаб чиқарилган фармацевтик дори воситалари далилий ашё сифатида вақтинча сақловга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.