Uncategorized

Олтинсой туманида содир этилган мудҳиш қотиллик

Айни саратонни чилласида туғилган Хуррам ота-онаси бағрида бекаму-кўст еб-ичиб улғайди. Уни ҳеч кимдан кам қилиб қўймади. Ота ҳар бозор тушганда  янги бир либос, ширинликни Хуррамимга деб олиб келарди. У шу зайлда ўсиб улғайди. Бўйи чўзилиб, қизларга гап отадиган ҳам севги изҳор этиб, осмондаги ойни олиб бераман деб ваъда беришни дўндирган кунлари ҳам кўп бўлди. Қанча қизларга дилини очганини ўзиям билмади.

Замирага ҳам бошқаларга айтган сўзини такрорламоқчи бўлди-ю “финти” иш бермади. Замира бало чиқди. Уни шу жойида тўхтатди. Хуррамнинг ўзиям қайтиб ювош тортиб қолганини билолмади. Икки ўртада совчилар борди келдиси бўлди. Иш битди. Тўй кунини белгилашди. Дастурхонда ёғли патирлар синдиришди.

Ёр, ёр куниям бўлиб, ирим-сирими ҳам якунланди. Замира Хуррамни шундайгина қўлига қўндириб олди-қўйди. Тур деса турди, ўтир деса ўтирадиган бўлди. Турмушлари ҳам унчалик  ўхшайвермади. Орадан икки йил ўтсада ҳеч гап йўқ. Уч, тўрт, беш йиллаб шу зайлда кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Орада ўқтин- ўқтин даҳанаки тўқнашув ҳам бўлиб турди. Зардали гапларку ҳар куни, ҳар соатда бўларди. Буларнинг барига боласизлик сабабчи эканини билишарди. Ажралиш тўғрисида бир оғиз ҳам гап йўқ. Унақа гапга Замира сира йўл бермасди.

БОЛА АСРАБ ОЛИШДИ.

Орадан саккиз йил ўтсада аҳвол ўша-ўша. Замира синглиси Зуҳра билан чуқур гаплашиб, охири  эндигина саккиз ойга тўлган ўғли Баҳромни ўғил қилиб олишга уни кўндирди. Баҳром холаси Замирани қўлида улғая бошлади. У саккиз ёшга етганда, бир ўзи ёлғиз ўсмасин деб, яна бошқа синглиси Барчинни ҳам кўндирди. У ўшанда ўғлига ҳомиладор эди. Туғруқхонада кўзи ёригач чақалоқни опасига  берди. Улар гўдакка Ғулом деб исм қўйишиб, гувоҳнома олишди.

ТЎЙЛАР БЎЛДИ.

Орадан йиллар ўтди. Баҳром вояга етди. Унга Деновдан келин топишиб, уйлантирди. Баҳром билан Муниса ҳаш, паш демай уч нафар фарзанд кўришди. Бу орада Ғуломни ҳам бўйи етиб қолди. Унга ҳам келин ахтариб, Олтинсойни “Чим” маҳалласидан Дилбар деган қизни уйига совчи юборишди. Тўйлар бўлиб ўтди. Хуррамбойни уйига янги келин тушиб келгач майда – чуйда келишмовчиликлар, тобора катталашиб бораверди.

                               ЁДСИРАШ       

Бир- бирини ёдсираш бошланди. Икки овсинга нима етмаяпти. Эрлари ўз юмушлари билан чиқиб кетишгач , улар ўзаро даҳанаки жанг қилиб оладиган бўлишди. Катта келин сенлар бу ҳовлидан чиқиб кетинглар деса, кичигиям бўш келмай, ҳовли кичикники бўлади деб жағ уриштирадиган бўлди.

Бу орада кичик келин Дилбар ҳам фарзандли бўлди. Чилласи орасида ҳам гап отиб турди. Шу зайлда кунлар ўтаверди. Хуррамбойни тоқати тоқ бўлиб нима қиларини билмай, боши қотди. Ўзига қолсаку ҳовлини иккига бўлиб бермоқчи ҳам бўлди. Бироқ ҳамма, ҳаммасига хотини Замира тўсқинлик қиларди. Эрини гапини гап ўрнига илмасди. Эрига нисбатан беписанд эди. Эр бечора ўз уйига бегонадай бўлиб қолганди. Тўртов орага қўшилмай қолди. Чунки, хотини Замира уни уйдан кўча ҳатлатмай қўйди. Ҳатто дастурхон устида ҳам “ гадой”га қиладиган муомилани қиладиган бўлиб қолгандида. Келинлар олдида ҳам болалар борида ҳам унга нисбатан камситувчи сўзлар билан ҳақоратларди. Кўп марта ўзини жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлган. Қўлидан келмаган жон ширинда.

Охири ўйлай, ўйлай қариялар уйига бормоқчи бўлиб, режа қилибди. Айни шу режани миясида пишитиб бўлгач, кетмоқчи бўлганида хотини хабар топибди. Ўзига тегишли ҳужжатларини олиб қўйди. Хуррамбойга тегишли паспортни алоҳида жойга бекитиб яширди. Айниқса шундан сўнг бечора Хуррамбойни бошига  “қора булут”  айланиб, “қора кунлари” кўпайди. Қишлоқдаги тўйларгаку чиқармасди. Энди яқин қариндошими кимлигидан қатъий назар биронта таъзияга ҳам эшик хатлашга рухсат йўқ.

Хотини Замира уй-жойни яримини Баҳромга ажратиб берди, энди тинчир деб. Баҳром қишлоқдаги Арслон бобоникига тўйга, Ғулом эса ўзини “Нексия”сида киракашлик қилиш  учун Тошкентга кетган кун, икки овсин енг шимариб аввал тил билан жанг бошлаб, бироз қизишгач, бир –бирига ўлжасига ташланган бўридай чанг солишди. Улар роса юлишди, тирнашишди. На хола бўлмиш Замирага, на қайнота Хуррамбойга қулоқ солишмади.  Бу “жангари кинофилм”ни кўрган Хуррамбой ҳовлини ўртасида қон босими ошиб йиқилди. Жанжалдан хабар топган қўшниси Тожибой ўтиб бориб, Хуррамбойни қўлтиғидан тутиб кўтариб,  уйини айвонига олиб бориб ётқизиб қўйди-да келинларга уят-е сенларга деб чиқиб кетди.

Уй-жой можорасидан хабар топган туман кадастр ва архитектура бўлимидан одамлар келишиб катта келини Мунисага ажратилган жойга чиқишни айтишди. Тўйдан эри Баҳром  келгач, бу жойга ҳеч ким сиғмас бўлди, кетдик, деб Деновга онасиникига кетиб қолди. Уйлари ўлик чиққан ҳовлидек бўлиб қолди.

Қайнота дорисини ичиб бир хонада ётиб қолди. Қайнона келин бир хонада ётишди. Бешикдаги бола йиғлаганда зарда билан тербатишди.

ВОЙ – ДОД!

Эрта тонг. Хуррамбой ўрнидан туриб бет-қўлини ювиб, келини билан хотини ётган хонага кирди. Келин ташқарига чиқди. Хотини у томон бурилиб, сенсираб, бор сув олиб кел, деб буйруқона оҳангда гапирди.

У хонадан чиқиб ошхона томон ўтиб, ичкарига турган болтага кўзи тушади-да хаёли ўзгаради. Анчадан бери тўпланиб пишиб келаётган жаҳл унга болтани қўлига олишга мажбур қилади. Хуррамбойни кўзи қонга тўлди. Ошхонадаги болтани қўлига олиб хотини турган хонага кирди. Бешик томон бурилиб турган Замира эрини хонага кирганини ҳам сезмай қолди. Хуррам қўлидаги болта билан хотинини бошини орқа томонига зарб билан урди. Қайта, қайта болта билан чопилган қирқ йиллик ёстиқдоши аллақачон жон таслим қилган эди. Сачираган қон бешикдаги саккиз ойлик чақалоқнинг юзига ҳам етиб борди.

Бешикдаги ўғлини чинқирган йиғи овозини эшитган Дилбар хонага кириб қайнонасини қонга беланиб ётганини кўриб, “войдод” деб юборди. Нима қилаётганини ўзи ҳам билмаган Хуррамбой қўлидаги болта билан келини Дилбарни ҳам бошига бир уриб, ерга йиқитди. Яна такрорлаб тўғри келган жойига ура бошлади. Келинини  тинчиб қолганини кўргач, қўлидаги болтани ерга ташлаб кўчага чиқиб кетди.

У тўғри бориб божасига айтди, Ғуломни отаси Ўткирга хотинини  ва келинини болталаб қўйдим деганида, улар – дуруст бўлинг, нималар деяпсиз? –Ҳа шундай. Уйга бориб эгалик қилинглар, деб кўчада дуч келган машинага ўтириб уйига келди. У ўзини ўлдириш мақсадида электор симини оёғига боғлаб, вилкасини резидкага улади. Ерга йиқилган чоғи уйга кириб келган Ўткир уни қутқариб қолди.

Бу даҳшатли воқеа бир зумда бутун Олтинсой бўйлаб тарқалди. Бу мудҳиш қотилликни “Бибизайнаб”ликлар бир умр эсларидан чиқармаса керак.

Олтмиш уч ёшни кексаларимиз табаррук ёш деб айтишади. Шу ёшга киришганида биронта жонлик сўйиб, қон чиқаришиб, ис қилишади. Бу ёшни  мен мусулмонман  дегувчилар яхши билишади.

Бироқ Хуррам Тўраев айни шу табаррук ёшда, жонликни эмас, инсонни қонини оқизди. Ўзини турмуш ўртоғи Замира Норқулова ҳамда келини Дилбар Умидованинг ҳаётига зомин бўлди. Ука жазони ўтаб қайтар. Келгач қайтиб бош кўтариб юраркан?  Буни тушуниш қийин, билмадик!

 

Жиноят ишлари бўйича                                Музафар ҲАКИМОВ, ЧОРИ ҚОРАҚУЛОВ                                 

Шўрчи туман судининг раиси

                                                                

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan