Uncategorized

Самарқандда патруль-пост хизмати ходимлари чет эллик сайёҳларга электрошокер қўллашди

ИИВ Ахборот хизмати раҳбари Ш.Ғиёсовнинг хабар беришича, Самарқанд шаҳрида ППХ ходимлари қўшни мамлакатдан келган сайёҳларга электрошокер қўллашган.

Хабарда айтилишича, воқеа 20 майдан 21 майга ўтар кечаси тунги хизматга жалб этилган Самарқанд шаҳар ИИБ Патруль-пост хизмати ходимлари томонидан, Мирзо Улуғбек кўчасида содир этилган.

«Жорий йилнинг 20 майдан 21 май кунига ўтар кечаси Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида тунги хизматга жалб этилган Самарқанд шаҳар ИИБ Патруль-пост хизмати ходимлари, Мирзо Улуғбек кўчасида қўшни мамлакатдан республикамизга меҳмонга келган сайёҳларни шахсини текшириш жараёнида қўпол муносабатда бўлиб, хизмат вазифасини ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилганлар», — дейилади хабарда.

ИИВ Ахборот хизмати раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда хизмат текшируви ўтказилмоқда.

«Текширув якунига кўра, қонунчиликка зид ҳаракат қилган барча ходимларнинг ҳамда фаолиятга масъул раҳбарларининг хизматдан бўшатилиши ва жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади», — дейди Ш.Ғиёсов.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan