Uncategorized

Ким ВАТАНга содиқ бўлса мендирман ўша!!!

Жорий мавсумда миллий армиямиз сафларига муддатли ҳарбий хизматни ўташга чақирилган ўғлонларнинг тантанали Ватанга қасамёд қабул қилиш маросимлари Сурхондарё вилоятининг Денов, Жарқўрғон ва Термиз туманларида жойлашган ҳарбий қисмларда карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, пандемия билан курашиш, коронавирус юқумли касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида юртимизда карантин қоидалари кучайтирилганлиги сабаб тантанали тадбирда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок эта олмади. Шунинг учун (Diyor24.uz You Tube) канали орқали тадбирни муддатли ҳарбий хизматчиларимизнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари жонли эфирда кўришга муяссар бўлдилар.

Ушбу тадбирларда Жанубий оператив қўмондонлиги, Термиз ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоатчилик кенгаши Сурхондарё вилояти бўлими, Сурхондарё вилоят ёзувчилар уюшмаси шоирлари ҳамда вилоят ва туман хокимликлари вакиллари иштирок этдилар.

  

Тантанали маросимда она Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташга Қасамёд қилган муддатли ҳарбий хизматчиларга Мудофаа вазирининг табригини Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сативалдиев ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг саф майдонида юракни ҳайқиртирадиган жарангдор сўзлар тутиб кетди:

“…Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар сафига кирар эканман, давлатим тимсоли бўлмиш муқаддас байроқни ўпиб…….”
“Ўзбекистон Республикасига, халқимга ва Президентимга бир умр содиқ бўлишга…”
“Қуруқликда, сувда, ҳавода-ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчимни виждонан бажаришга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртимнинг юксак ишончини оқлашга тантанали равишда Қасамёд қиламан!”

Хизматини бошлаганига ҳали бир ой бўлмасдан туриб Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ миқёсида ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида Бухоро гарнизонида ўтказилган спортнинг сузиш мусобақасида иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаган Тошкент шаҳридан муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун келган оддий аскар Саидаббос Ғофуров Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг I даражали дипломи ва медали билан тақдирланди.


Ушбу ёрлиқни Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сативалдиев барчанинг гувоҳлигида топширди ва барча муддатли ҳарбий хизматчиларга Саидаббос сингари чемпион бўлишлари кераклигини айтиб ушбу ҳарбий хизматчига келажакдаги хизматларига омад тилади.

Андижон вилояти Бўстон туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Шаҳзод Абдуллаев зиёли оила фарзанди. У она Ватанга хизмат қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билади. У ҳам сафдошлари сингари ҳозир бугун эсдан чиқариб бўлмайдиган ҳаяжонни юрагидан ўтказиб турибди.
– Азиз ота-онам, акаларим, жонажон сингилларимнинг ҳаловати учун ҳарбий хизматда ўтказган ҳар бир лаҳзам мен учун ғурур бағишлайди, -дейди у. – Чунки мен ҳам она Ватаннинг ҳақиқий ҳимоячисига айландим. Бугун мен Ватанга қасамёд қилдим. Бу қасамёдимга содиқ қолиб, юртимиз сарҳадларини муносиб ҳимоя қилиб келажакда хизматни шартнома асосида давом эттиришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

Тантанали маросимда сўзга чиққанлар Ватан мардларига улкан муваффақият ва зафарлар тиладилар.
Якунда Хайробод гарнизони ҳарбий оркестри ва вилоятнинг таниқли санъаткорлари томонидан Сурхон воҳасини этно-маданиятини акс эттирувчи концерт дастурлари барчага кўтаринки кайфият улашди.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ,
Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan