«Толибон» худкушларининг собиқ қўмондони Мавлавий Зубайр Мутмайн Кобул туманларидан бирида полиция бошлиғи бўлди. Бу ҳақда «Wall Street Journal» хабар берди.
Маълум қилинишича, эндиликда худкушларнинг собиқ бошқарувчиси оилавий низоларда воситачи вазифасини бажаради. Мутмайн аввалги ва ҳозирги иш фаолиятида жиддий ўзгаришлар йўқлигини айтган. «Мен илгари исломга хизмат қилганман, ҳозир ҳам исломга хизмат қиламан. Ҳеч қандай фарқ йўқ», — деган полиция бошлиғи.
Шунингдек, у илгари «Толибон» Афғонистонда ҳақиқий исломий тартиб ўрнатмоқчи бўлганида уларнинг «қонуний нишонлари» АҚШ фуқаролари ва АҚШ ҳукумати билан ҳамкорлик қилган афғонлар бўлганини таъкидлаган. «Бугунги кунда жамоат тартибини қўриқлаш ҳам шу мақсадга хизмат қилади», — дея қўшимча қилган Мутмайн.