Uncategorized

Жанубда ёш мерганлар беллашди

Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи кубоги учун “Ватанпарвар” ташкилотининг Сурхондарё вилояти кенгаши билан ҳамкорликда “Ёш мерганлар” мусобақасининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Ҳаво милтиғидан ўқ отиш спорти мусобақасининг биринчи босқичида 388 та умумтаълим мактабидан жами 2000 га яқин 10-11 синф ўқувчилари қатнашди. Баҳслар “Ватанпарвар” ташкилотининг Термиз шаҳри, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи, Денов, Сариосиё ва Узун туманларидаги ўқув спорт техника клубларида ўтказилди.

Термиз шаҳрида кечган беллашувларни Жанубий оператив қўмондонлиги, Ўзбекистон Республикаси мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилояти Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вилоят минтақавий бўлинмаси ҳамда вилоят Халқ таълими бошқармаси ходимлари кузатиб боришди.

Мусобақада иштирок этган ёшлар дастлаб Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш маркази ўқув фаолияти, курсантларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Йигитлар ва қизлар ўртасида биринчи маротаба ўтказилаётган мазкур мусобақа малакали тренерлар ва ҳарбий хизматчилар томонидан холисона баҳолаб борилди.

– Бугунги кунда ёшларни тарбиялашда янгича тизим “Мард аскар – ёшларга намуна” дастури самараси юқори бўлмоқда, – дейди Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Зуфар Юсупов. – Ҳар бир ёш авлод вакиллари билан алоҳида амалий ва ташкилий тадбирлар ўтказиляпти. “Ёш мерганлар” мусобақасида иштирок этган ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш баробарида уларнинг ҳарбийлик касбига қизиқиши ортмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатларимиз келгусида ўз самарасини беришига ишонаман.

Мусобақа Низомига кўра, энг кўп очко тўплаган иштирокчилар якка ва жамоа тарзида ғолибликни қўлга киритди.

Термиз шаҳрида бўлиб ўтган мусобақа якунига кўра, қизлар ўртасида 1-ўринни 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Умида Худойназарова, 2-ўринни Муслима Асилова (24-мактаб), 3-ўринни Беназирбегим Алиева (18-мактаб) қўлга киритди.
Йигитлар ўртасида эса мутлоқ ғолибликни Темир Чориев (1-мактаб), 2 ва 3-ўринларни Диёрбек Донаев (9-мактаб) ҳамда Қиличбек Жўрақулов (18-мактаб) эгаллади.
Жамоат тарзида ғолиблик 14-умумтаълим мактаби ўқувчиларига насиб этди. Ғолибларга Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғининг дипломи ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир иштирокчилари эътиборига ҳаваскор ҳарбий бахшилар ва хонандалар ҳамда Термиз гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри ижросидаги куй-қўшиқлардан иборат дастур тақдим этилиб, барчага кўтаринки кайфият улашилди.

III даражали сержант Акбар АХМЕДОВ,
Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan