Uncategorized

ЭҲТИЁТСИЗЛИК ФОЖЕАГА САБАБ БЎЛДИ

Йўл транспорт ҳодисаси рўй берган ҳолатдаги воқеликнинг иштирокчиси ёки гувоҳи бўлишлик-ку, инсон қалбини ларзага солиши бир четда турсин, ўзингиз танимаган, ўзга бир фуқароларнинг бундай талофатларга учраганлиги ҳолатини оммавий ахборот воситалари орқали кўрганингизда ёки эшитганингизда, сизда ачиниш, ёмон кайфиятни уйғониши ҳолатлари пайдо бўлиши, турган гап.
Нима бўлганда ҳам, бундай кўнгилсиз воқеаларнинг содир бўлишига кўп бора бош сабаб ҳайдовчининг автоуловни бошқаришда тезликни меъёридан оширганлиги, спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги ёки тажрибасиз бўлиб, йўл қоидаларини яхши билмасдан машина бошқарганлиги бўлиб қолаверади.
Жарқўрғон тумани, “Ғур-Ғур” маҳалласи ҳудудидан кесиб ўтувчи М-41 автомобиль йўлидан Термиз-Жарқўрғон йўналишида ҳаракатланаётган “Cobalt” русумли автомашина “Spark” русумли автомашина билан тўқнашиши оқибатида олти нафар йўловчи бевақт ҳаётдан кўз юмди. Яна тўрт нафар фуқаро оғир тан жароҳати олганлиги оқибатида касалхонага ётқизилди.
“Cobalt” русумли автомашина ҳайдовчиси Собир Фозилов (Исми-шарифи ўзгартирилиб берилмоқда) “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 2,4,77 (1-2 қисмлари) бандидаги қоидаларни қўпол равишда бузиб, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш бўлагига чиқиб кетиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Адоқсиз ўйлар гирдобида қолган, ўта нохуш воқеани содир этган ҳайдовчи Собир Фозиловнинг эндиги пушаймонлиги ҳеч нарсани ўзгартира олмайди.
Яроқсиз автоуловларни таъмирлаб, қайта ўз ҳолига келтириш ёки ўрнига янгисини сотиб олиш мумкиндир. Бироқ бевақт ҳаётдан кўз юмган йўловчиларга қайта ҳаётни ҳеч ким тақдим этолмайди. Вафот этганларнинг ва оғир жароҳат олганларнинг яқин қариндошлари ҳаётидаги бир умрлик кемтик ва бўшлиқларни ҳам тўлдиришнинг ҳеч бир имкони йўқ.
Собир Фозиловнинг жиноят ишлари ўрганиб чиқилиб, унга саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Самад СУВОНҚУЛОВ, Сурхондарё вилоят суди судьяси

Олим ТОҒАЕВ,Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan