Uncategorized

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлигининг янги динамикаси

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Дэниел Розенблюм билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида учрашув бўлиб ўтди.

Мехмонни қутлар экан, Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов икки мамлакат ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳозирги кунга қадар муваффақиятли бўлганини таъкидлади. Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиб берди.

Мазкур ташриф давомида икки ҳукумат ўртасида инглиз тилини ўқитиш ҳамда олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида иккита англашув Меморандуми имзоланган эди.
АҚШ билан самарали ҳамкорлигимизнинг яна бир ёрқин намунаси – бу Тошкентда Вебстер университети марказининг очилишидир. Ҳозирда, унда иқтисодиёт, бизнес бошқаруви, медиакоммуникация, инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистратура дастурлари амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, вазир А.Тошқулов Ўзбекистон АҚШ билан кўпроқ техника ва муҳандислик соҳасидаги фанларни ривожлантириш, шу соҳаларда кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ бўлган ҳамкорликдан манфаатдорлигини билдирди. Шулар каторида энергетика ва муқобил энергия манбалари, машинасозлик, архитектура ва қурилиш, тўқимачилик ва кимё саноати технологиялари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика каби муҳим соҳалар ҳам бор.
Ўз навбатида Элчи Дэниел Розенблум ўтган йил давомида оғир пандемия шароитларига қарамасдан икки томоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли талабаларга таълим бериш ва профессор-ўқитувчилар билан тажриба алмашиш учун бир қатор америкалик олим ва мутахассисларни жалб қилинганлигини таъкидлади.

Элчи Розенблюм икки томон ҳамкорлик қилаётган соҳаларни санаб ўтди. Биринчи навбатда, бу Марказий Осиё университетлари шериклик дастури (UniCEN). Ушбу дастур Ўзбекистоннинг 22 та университетини америкалик ҳамкасблар билан бирлаштириб, муҳандислик, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги, инглиз тили, экотуризм, давлат бошқаруви ва бизнес йўналишларини қамраб олади.

Профессор-ўқитувчиларини малакасини ошириш дастури (The Faculty Enrichment Program) Ўзбекистон университетларидан бир нечта гуруҳ ўқитувчиларни тажриба ортириш учун АҚШга юборади.

Элчи ўз навбатида ушбу имкониятларни Ўзбекистоннинг янада кўпроқ университетларига кенгайтириш йўлида вазирлик билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan