ЎЗБЕКИСТОН

ТЕРМИЗДА МАТЕМАТИКА ВА ФИЗИКА ФАНЛАРИДАН РЕСПУБЛИКА ОЧИҚ ОЛИМПИАДАСИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Мамлакатимизда иқтидорли ўқувчиларни саралаш ва уларни муносиб рағбатлантириш мақсадида фан олимпиадалари ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Жиззах вилоятида биология фанидан Абу Али ибн Сино номидаги, Фарғона вилоятида кимё фанидан Абу Райҳон Беруний номидаги, Бухоро вилоятида математика фанидан Мирзо Улуғбек номидаги, Хоразм вилоятида физика фанидан Аҳмад Ал-Фарғоний номидаги, Тошкент шаҳрида информатика ва ахборот технологиялари бўйича Ал-Хоразмий номидаги республика фан олимпиадалари ўтказилди.

Жорий йилнинг 2 декабрида илк бора тантанали тақдирлаш маросими ўтказилиб, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари пул мукофоти билан рағбатлантирилди.

Бу каби ижобий ишлар ўқувчиларнинг фан олимпиадада иштирок этишга қизиқишини янада ошириб, иқтидорли ўқувчилар сафини кенгайтирмоқда.

Шундай ташаббусларни давом эттирган ҳолда Халқ таълими вазирлиги навбатдаги фан олимпиадасини Сурхондарё вилоятида ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Айни пайтда Термиз шаҳрида математика ва физика фанларидан республика очиқ олимпиадаси бўлиб ўтмоқда. Ушбу олимпиада Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги қарорида белгиланган вазифалар доирасида ўтказилмоқда.

Математика ва физика фанларидан ўтказилаётган ушбу олимпиадада республика умумтаълим мактабларининг 850 нафарга яқин 8-9-синф ўқувчилари иштирок этмоқда.

Энг юқори балл тўплаган иштирокчилар келгусида иқтидорли ўқувчилар захирасига қабул қилинади ҳамда халқаро олимпиадаларда қатнашувчи Ўзбекистон терма жамоаси захирасига киритилади.