Uncategorized

Судьялар чет эллик инвесторлар билан учрашдилар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги ПФ-6034-сонли Фармони билан 2021 йилдан бошлаб инвесторлар ўз ҳоҳишига кўра ўзининг қонуний манфаатларини ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги даъво аризалар билан туманлараро иқтисодий судларга, вилоят судларига  ёки тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлиши,  инвесторлар  ўртасидаги низолар ва рақобатга оид ишлар  иқтисодий суднинг судловига тегишли бўлиши  ҳақида белгилаб берилган эди.

Фармондан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 12 январь куни “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–663-сонли Қонуни имзоланди.

Кеча Сурхондарё вилоят суди биносида  инвесторлар билан ўтказилган учрашув Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, инвесторлар ва чет эл инвесторлари томонидан судларга даъво ариза киритиш ва суд қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби  ҳамда муддатлари хусусида инвесторларга яратилган қулайликлар ва  уларни амалиётда қўллаш ва ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Учрашувда Сурхондарё вилоят суди раиси А.Рузиқулов, вилоят судининг иқтисодий  ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси, раис ўринбосари Ж. Хомидов, вилоят суди судьялари А. Махамадиев, Х.Хакимов, З.Тожиев ва Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси С.Кодиров ва Сурхондарё вилоят Солиқ бошқармаси ҳуқуқшуноси А.Амиров, Афғонистонлик инвесторлар Қоризода Абдилвохит, Омар Муродгелди ва бир гуруҳ инвесторлар иштирок этишди.

Учрашувда сўз олганлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига киритилган асосий ўзгартиришлар ҳақида тўхталиб, унга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилганлиги, илгари, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар Олий суд Раёсати ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида кўрилган бўлса, эндиликда кассация тартибида кўрилган ишлар умумий асосларда такроран кўрилиши белгиланганлиги ва прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилиниб, эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкинлиги белгиланганлиги, шунингдек, Бизнес омбудсманга ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилганлиги ҳақида маълумот беришди.

Бундан ташқари судьялар инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг судловга тегишлиги бўйича нормаси ўзгариб, бундай туркумдаги ишлар фақат иқтисодий судларга тааллуқли бўлганлиги, инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига – инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар, инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар, инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар, инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар, инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар кириши тўғрисида, юридик шахслар, шу жумладан чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши орган ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар кириши аниқ қилиб белгилаб берилганлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Ўтказилган учрашув қизғин музокараларга бой бўлиб, чет эл инвесторлари ва инвесторлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

 

Жамшид Хомидов

Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъатининг раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan