Uncategorized

Федерация илк бор «маҳаллабай» ишлаш бўйича «Ҳуқуқий маслаҳат» марказларини ташкил этади

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан «Фуқаро – жамоат ташкилотлари – давлат» бирлигини мустаҳкамлаш мақсадида фуқаро мурожаатлари билан ишлашнинг «маҳаллабай» тизимини жорий этишга қаратилган «Ҳуқуқий маслаҳат» марказлари ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» ғоясини амалда рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириш, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштиришда нафақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан ижтимоий шериклик асосида маҳаллий ҳокимликлар кўмаги остида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизми жорий этишдан иборат.

Лойиҳа доирасида, жорий йилда Республика ҳудудларидан танланма асосида иккитадан маҳалла танланиб, ушбу маҳаллалар ҳудудида «Ҳуқуқий маслаҳат» марказлари ташкил этилиши назарда тутилган. Хусусан, Федерация раиси Ж. Саримсоқов куни кеча Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳар, Шеробод, Қизириқ, Ангор, Музрабод, Жарқўрғон, Шўрчи ва Термиз туман ҳокимлари билан бўлиб ўтган учрашувда, «Ҳуқуқий маслаҳат» марказларини қай тарзда ташкил этиш муҳокама қилинди.

Марказда аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларнинг аниқ ҳал этилишида давлат бошқаруви ва хўжалик бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорликда ишлашнинг янгича тизими йўлга қўйилади, фуқароларнинг (савдо, газ ва электр таъминоти, сув таъминоти, коммунал хўжалиги, экология, қурилиш, кадастр, бандлик, ижтимоий хизматлар, соғлиқни сақлаш, таълим, хизмат кўрсатиш (сервис) транспорт соҳасига, алоқа бошқа соҳалар)даги мурожаатлари маҳаллабай кўриб чиқилишида ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши билан бир қаторда мавжуд муаммоларнинг жойида ҳал этилиши имконини яратади.

Лойиҳани молиялаштиришда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудий бирлашмалари ва уларнинг туман (шаҳар) жамиятлари маблағлари, шунингдек, ҳомийлик маблағлари, маҳаллий тадбиркорлар билан ижтимоий шериклик асосида имзоланган (инвестор) шартномаларида белгиланган маблағлар ва бошқа манбалардан фойдаланиш кўзда тутилган.

(Лойиҳани амалда татбиқ этиш орқали кўзланган натижага эришилса, келгусида республиканинг 9440 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида «Ҳуқуқий маслаҳат» марказлари ташкил этиш орқали 18880 нафар ишчи ўринлари яратиш имкони пайдо бўлади.)

 Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan