Uncategorized

Сурхондарёлик тадбиркорлар дарди: “Чоҳ”га тушиб кетмайлик…!

Иқтисодий муносабатлар қонун ва адолат тамойилларига асосланса, тадбиркорлик равнақ топади. Мазкур тизим халққа, жамиятга наф келтиради. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқатни бошқарувнинг барча бўғинларида англаб етсалар ва унга амал қилсалар нур устига аъло нур. Бироқ, аксинча бўлса, бундан яна ўша халқ ва жамият жабр кўриши, аниқ. Қуйида транспорт хизмати кўрсатиш соҳасида ташаббус кўрсатиб, ўз тадбиркорлигини юритиб келган ва бугунда ҳалол ҳақини ундиролмай сарсон қилинаётган юртдошларимизнинг муаммоларини ёритмоқдамиз.   

Музработ “Автомобилларда юк ва йўловчи ташиш” масъулияти чекланган жамияти аъзоларининг билдиришича, улар қачонлардир 400 га яқин автотранспорт воситаларига эга йирик хизмат кўрсатиш корхонаси сифатида фаолият юритишган. Аммо, иқтисодий муаммолар оқибатида жамият банкротлик даражасига яқинлашиб қолади. Ходимларнинг иш ҳақларини бериш, нефт ва ёқилғи мойлаш маҳсулотлари учун ҳисоб-китоб қилишда жиддий муаммолар юзага келади. Аниқроғи, тадбиркорлик субъектидан “Музработ пахта тозалаш” акциядорлик жамиятининг қарздорлиги йирик миқдорни ташкил этарди. Шу сабабли Музработ “Автомобилларда юк ва йўловчи ташиш” МЧЖ асосий қарз, шунингдек, пеня ва сўм почта харажатларини ундириш тўғрисида Шеробод туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритади. 2019 йил 3 октябрда бўлиб ўтган суднинг ҳал қилув қарорида 2017 йилнинг 3 сентябридан 7 ноябрь кунига қадар кўрсатилган хизматлар учун жавобгар “Музработ пахта тозалаш” АЖ ҳисобидан Музработ “Автомобилларда юк ва йўловчи ташиш” МЧЖ фойдасига 253 117 000 сўм асосий қарз, 12 655 850 сўм пеня ва 17 840 сўм почта харажатлари ундирилиши белгиланади. 2020 йил 11 февраль санасидаги ҳал қилув қарорида эса Шеробод туманлараро иқтисодий суди “Музработ пахта тозалаш заводи” АЖдан 2017 йилнинг 19 сентябридан 19 ноябригача кўрсатилган хизматлар учун Музработ “Автомобилларда юк ва йўловчи ташиш” МЧЖ фойдасига 260 089 112 сўм асосий қарз, 20 807 129 сўм пеня ва 17 840 сўм почта харажатлари ундирилишини белгилайди. Табиийки, мазкур қарор Мажбурий ижро бюроси Музработ туман бўлими иш юритувига олинади. Аммо, ўтган вақт мобайнида тадбиркорни қўллаб-қувватлаш учун натижадор бирор ҳаракат амалга оширилмайди.

Ўз-ўзидан маълумки, автомобилларда хизмат кўрсатиш учун тадбиркор ёқилғи ишлатган ва маҳсулот учун ҳисоб-китобни амалга ошириш керак эди. Бунга имкон бўлмагач, энди тадбиркорни таъминотчи корхона судга беради. Энг қизиғи ҳам шунда-да: қарздорликни ундиришга келганда тадбиркорнинг манфаати бир четга сурилади-ю, таъминотчи ҳисобланган “Термиз нефт базаси” МЧЖ “Болдир” филиалининг манфаати юқорига кўтарилади. Яъни, МИБнинг Музработ туман бўлими юқорида баён этилган сабаблар туфайли, нефт маҳсулотларидан қарздор бўлиб қолган тадбиркорнинг тегишли мулкларини хатловга олади ҳамда Музработ “Автомобилда юк ва йўловчи ташиш” МЧЖнинг 298 995 024 сўм қарзини жамиятнинг ички тушумларидан, шунингдек, 2 та “Исузи” автобусини сотиб тўлашини таъминлайди. Қолган 110 717 973 сўмни ҳам олиш учун МЧЖнинг ҳисоб рақамига айни пайтда ҳам “инкасса” ўрнатилган. Эътибор қилинг, нефт маҳсулотлари ҳақини ундириш учун чиқарилган суд қарори ижросига зумда киришилди-да, тадбиркорнинг ҳалол ҳақини ундириш учун 2 та суд ҳал қилув қарори ижроси ҳамон пайсалга солинмоқда! Оқибатда 100 лаб кишилар ишсиз қолдирилмоқда. Фаолият тўхтаб, маблағ айланмаси барҳам топди. Мазкур солиқ тўловчидан бюджетга тушум ҳам, албатта, тўхтади. Ҳолат бўйича амаллаб МИБнинг туман бўлимидан изоҳ олишга муваффақ бўлдик. Қарангки, улар тақдим қилган маълумотларга қараганда, “Музработ пахта тозалаш заводи” АЖнинг касрига пулсиз, айланма маблағсиз қолаётган тадбиркорлик субъектлари сони яна анчагина экан. Мана шу “жабрдийда”лар қаторида Музработ “Автомобилларда юк ва йўловчи ташиш” МЧЖга ҳам номаълум муддатгача кутиш тавсия этиляпти.

Шу ўринда, “Мабодо, “Музработ пахта тозалаш” АЖнинг мулки қарздорликларни тўлиқ қоплашга етмасачи?”, деган савол ҳам тадбиркорларни ташвишга солган. Яна бир очиқ қолаётган масала борки, бу бевосита ўша қарздорликлар қандай тарзда пайдо бўлгани, маблағлар қаерга гумдон қилингани билан боғлиқ.

Хуллас, бугунга келиб Музработ “Автомобилларда юк ва йўловчи ташиш” МЧЖ ва яна бир нечта тадбиркорлик субъектлари чорасиз аҳволда қолган. Агар масалага Сурхондарё вилояти ҳамда Музработ тумани ҳокимлари, Сурхондарё вилоят прокуратураси, МИБнинг вилоят бошқармаси ва туман бўлими, “Ўзпахтасаноат” АЖ сингари масъуллар эътибор қаратмас экан, хусусий сектордаги юзлаб сурхондарёликлар ишсиз ва пулсиз қолаверишади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan