ЖАМИЯТ

“Ухлатманг” ҳам, “ухламанг” ҳам: Шўрчида фирибгарлар қўлга олинди …

Фирибгарликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш борасида тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, бундай хатти-ҳаракатни содир этганларга нисбатан жазо чоралари кўрилишига қарамай, ҳамон кимдир кимнидир “чув тушириш”га, алдашга, «ухлатиш»га уринмоқда. Шу сабабли низоли ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқ тартибот идораларига, давлат ташкилотларига мурожаатлар кўпаймоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Шўрчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда, фуқаро Ш.М.нинг ҳам ана шундай найранглари фош этилди. Аниқланишича у ўзига тегишли бўлган 0,4 сотих ер майдонини фуқаро М.га 60,0 млн. сўмга сотиб, мазкур ер майдонини унга расмийлаштириб бермасдан яна бошқа бир фуқарога 70,0 млн. сўмга сотиб юборган. Унинг мазкур қилмишлари ҳуқуқий маънода ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб кетиш сифатида баҳоланмоқда.

Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Шўрчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Б.Х. Шўрчи туманида яшовчи 3 нафар фуқароларнинг ишончига кириб, Польша Давлатига ишга юбориш эвазига улардан 3000 АҚШ долларини олдиндан фирибгарлик йўли билан олганлиги аниқланган. Ҳуқуқ посбонларининг аралашуви билан Б.Хнинг жиноий ҳаракати тўхтатилди. Аммо, ундай бўлмаганда-чи…? Яна қанча юртдошларимиз унинг домига тушарди. Албатта, юқоридаги ҳолатлардан, барча тўғри хулоса чиқармоғи, ҳар қандай вазиятда текшириб, қонуний асослантирилган, ваколатли кишилар билан қонун доирасида олди-берди ишларини амалга оширишлари керак.

Маълумотга кўра, ҳолат юзасидан фуқаро Б.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan