ҚИЗИҚАРЛИ ЎЗБЕКИСТОН Фойдали

Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқлар орқали Жарқўрғон туман ФҲДЁ бўлими давлат ташкилотими ёки кириш мушкул бўлган “Қамоқхона“? номли мақола эълон қилинди.  ( Батафсил ? https://diyor24.uz/10000 )Унда кўрсатиб ўтилган ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси раҳбарияти томонидан шу бугуннинг ўзида Жарқўрғон туман ФҲДЁ бўлими ходимларига нисбаттан хизмат текшируви тайинланди ва ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Мамлакатимизда 10 июлдан 15 август кунига қадар амалда бўлган кучайтирилган карантин режими даврида ҳақиқатдан ҳам ФҲДЁ идораларида “дарча” орқали хизмат кўрсатилган. Бироқ, 15 августдан сўнг бу тартиб бекор қилинган ва айни пайтда барча учун ФҲДЁ ва Давлат хизматлари марказларининг эшиклари очиқ. Аммо, кучайтирилган карантин шароитида фақатгина туғилиш ва ўлим гувоҳномалари расмийлаштирилганлиги, бошқа ҳаракатлар учун аризалар электрон тарзда қабул қилинганлиги, бугунги кунда мурожаатлар сонининг кескин ортишига олиб келмоқда. Хабарингиз бор, орадан 7 ойдан зиёдроқ вақт ўтган бўлсада, ҳанузгача бутун дунё коронавирус инфекциясига қарши кураш олиб боряпти. Қўлланилаётган чоралар аввало фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган.

Бир кунда жойлардаги ФҲДЁ бўлимларига ташриф буюраётган фуқаролар 100-200 ёки 300 нафарга етиши, баъзан ундан ҳам ортиб кетиши мумкин. Жарқўрғон туман ФҲДЁ идорасида эса, бугунги кунда 4 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Шунча мурожаатчини қабул қилишга маълум вақт талаб қилинишини тўғри англаб етишимиз лозим.
Ортиқча тўловлар ундирилгани тўғрисидаги важга келадиган бўлсак, ҳар бир ФҲДЁ идорасида қайси хизмат учун қанча ҳақ олиниши ва унинг қонуний асослари кўрсатилган кўргазмали воситалар ўрнатилган. Ходимлар билан олиб борилган суҳбатда улар бундай ноқонуний ҳатти-ҳаракатни амалга оширмаганликларини билдиришди. Агар, мурожаат муаллифида буни исботловчи далил бўлса албатта ДХА Сурхондарё вилояти бошқармасига тақдим этилса, ишонтириб айтамизки зудлик билан қонунбузар ходимга нисбатан қонуний чора кўрилиши таъминланади.
Бино атрофидаги чиқиндилар ва антисанитария ҳолатларига келадиган бўлсак бу ҳақиқатдан ҳам бор ҳолат. Аммо, савол туғилади ФҲДЁ идораси ҳовлисида чиқинди ташлашга мўлжалланган махсус идишлар ўрнатилган бўлишига қарамай фуқаролар томонидан сигарета қолдиқлари, елим идишлар, ҳаттоки ниқоблар ҳам дуч келган жойга ташлаб кетилмоқда. Тасаввур қилинг, юз киши биттадан ортиқча нарса ташлаганда бир жойда қанча чиқинди тўпланади.
Биз ҳар қандай мурожаатга ўз вақтида жавоб беришга хатоларимизни тўғрилашга, жамият манфаатидан ўз манфаатини устун қўйган ходимлардан воз кечишга тайёрмиз.
Ишонтириб айтишимиз мумкин, Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари тегишли жазосиз қолиб кетмайди.
Соҳага оид савол ва фикр-мулоҳазаларингиз, шикоятингиз билан Давлат хизматлари агентлигининг 1148 телефони ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan