
Президент имзолаган қонун билан депутат ва сенаторнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилиш ҳолатлари кенгайтирилди. Ҳужжат билан ҳамда депутат ёки сенатор томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилгани учун қўлланиладиган чоралар ҳам белгиланди.
Давлат раҳбари имзолаган қонун билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра, қуйидаги ҳолатларда депутат ва сенаторнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилади:
- депутат, Сенатда доимий асосда ишловчи сенатор огоҳлантириш олганидан кейин ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият(илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари) билан шуғулланган тақдирда;
- тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия фаолиятида бир йил ичида 30 ёки ундан ортиқ иш куни узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда;
- чет давлатнинг доимий яшаш гувоҳномасиниёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олган тақдирда;
- партия рўйхати асосида сайланган депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия аъзолигидан чиққан тақдирда.
Шунингдек, қонун 11-1-модда билан тўлдирилиб, депутат, сенатор томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилгани учун қўлланиладиган чоралар белгиланди. Унга кўра, депутат ёки сенатор одоб-ахлоқ қоидаларини бузганида огоҳлантириш бериш, узр сўрашни талаб қилиш, одоб-ахлоқ қоидалари бузилишига йўл қўйилганлиги фактини ўқиб эшиттириш, депутатнинг, Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш, депутатнинг, сенаторнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш каби чоралар қўлланилади.
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатларига нисбатан ҳам худди шу каби чоралар белгиланмоқда.
Депутат, Сенатда доимий асосда ишловчи сенатор тегишли палата, ўзи таркибига кирган сиёсий партия фракцияси, шунингдек, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия мажлисларида узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда, ҳар бир иштирок этилмаган ҳолат учун бир кунлик иш ҳақи ушлаб қолинади.