
Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Сурхондарё вилояти мудофаа ишлар бошқармасида Мудофаа вазирлиги Коррупцияга қарши ички назорат бўлими билан ҳамкорликда вилоятдаги шаҳар ва туман мудофаа ишлар бўлимлари раҳбарлари ҳамда Қуролли Кучлар ишчи хизматчиларининг иштирокида “Коррупция ва унинг аянчли оқибатлари” мавзусида профилактик давра суҳбати ўтказилди.

Ушбу тадбирда сўзга чиққан мутахассислар жиноят учун жазо муқаррарлиги тамойили асосида ҳарбий хизматчилар ва ишчи хизматчилар орасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мутахассислар томонидан коррупциянинг жамиятга, айниқса мудофаа соҳасига кўрсатадиган салбий таъсирлари ҳаётий мисоллар ва чуқур таҳлиллар билан иштирокчиларга етказилди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашда ҳар бир ҳарбий хизматчининг масъулияти ва фаол иштироки таъкидланди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди, мутахассислар эса улар учун барча зарур тушунтиришлар берди.
Сурхондарё вилояти мудофаа ишлар бошқармаси ушбу каби тадбирларни мунтазам ўтказиш орқали мудофаа тизимида қонунийлик, ҳалоллик ва шафофликни таъминлашга интилмоқда.