
Президентимизнинг “Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-126-сонли Фармони қабул қилинди.
Унга кўра:
— ишсизлик нафақаси сўнгги беш йилда камида 18 ой ишлаган ва меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг 6 ой ичида мурожаат қилган шахсларга – сўнгги 18 ойлик ўртача ойлик иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
— биринчи ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган ҳолда, иккинчи ва учинчи ойларда – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган ҳолда тўловлар амалга оширилади;
— ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади;
— ишсизлик нафақасини олувчи шахс бандлик органлари томонидан юборилган ёки эълон қилинган бўш иш ўринларига суҳбатга бормаган ёки таклиф этилган мақбул ишдан бош тортган тақдирда, нафақа тўлови кейинги ойнинг биринчи санасидан тўхтатилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб ходимлари сони 50 нафаргача бўлган хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга ЯММТда биометрик идентификация қилиш (Face-ID) орқали электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишни расмийлаштиришга рухсат берилади;
ташкилот тугатилганлиги ёки фаолият юритмаётганлиги сабабли иш берувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш имкони бўлмаганда, “Ягона миллий меҳнат тизими” дирекциясига фуқаронинг мурожаатига асосан меҳнат муносабатлари ҳақиқатда тугаганлиги тўғрисидаги қайдларни ЯММТга киритиш ваколати берилади.
2025 йил 1 сентябрдан давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар ҳақида ваколатли органни олдиндан хабардор қилиш тартиби бекор қилинади;
“Хавфни таҳлил этиш” тизими таҳлил натижалари асосида ўтказиладиган текширув бошланишидан камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш тартиби давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувларга тарқалмайди.
2026 йил 1 январдан “Ягона миллий меҳнат тизими” орқали қайд этилган меҳнат қонунчилиги бузилишини иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқиш ва қонунбузилиши ҳолатлари бўйича электрон маъмурий қарор қабул қилиш тизими жорий этилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманларо суди судяси Ф.Аллаяров